Форишда янги корхона иш бошлади

15:59 27 Август 2024 Жамият
310 0

Саид ДОНИШEВ/«Халқ сўзи». Фориш туманидаги «Эгизбулоқ» маҳалласи ҳудудида «Jizzax sement» масъулияти чекланган жамиятининг янги корхонаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали қўшимча қиймат яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлар натижасида Жиззах вилоятида сўнгги 7 йил ичида саноат корхоналари 1,7 баробар кўпайиб, уларнинг сони 467 тага етди. 2024 йил 1 август ҳолатига рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 28,2 мингтани ташкил қилиб, жорий йилнинг 7 ойи давомида 3,3 мингта янги тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлади. Уларда банд бўлган аҳоли сони эса қарийб 212 минг нафарга етди.

Фориш тумани нафақат Жиззах вилоятида, балки мамлакатимизда ҳам саноатлашган туманга айланиб бормоқда. Ушбу ҳудудда «Эгизбулоқ» саноат зонаси ташкил этилиб, зарур инфратузилма (электр, йўл ва шу кабилар) билан таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан бир қанча замонавий саноат корхоналари бунёд этилмоқда. «Jizzax sement» МЧЖнинг янги цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси қиймати 150 млн. АҚШ долларини ташкил этади, корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ҳамда 450 нафар янги иш ўринлари яратилади.

Янги корхонада дунёнинг илғор энергия тежамкор технологиялари ҳисобланган, яъни ишлаб чиқариш линиясида юқори ҳароратли печидан атмосферага ажралиб чиқадиган иссиқлик ва зарарли газларни қайта ишловчи (WHR — Waste Haed Recovery sistems) тизим ўрнатилган. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришнинг экология ва атроф-муҳитга салбий таъсири олдини олади, электр энергияси сарфини 30-35 фоизга қисқартиришга, ички ва ташқи бозорларни рақобатбардош, ҳамёнбоп цемент маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Бундай йирик саноат корхонасининг қурилиш ишлари якунланиб, лойиҳа доирасида 450 — 500 маркали юқори сифатли цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш бошлангани Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрамига ажойиб туҳфа бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?