Фирибгарлар қурбонига айланганлар

17:40 01 Апрель 2026 Жамият
174 0

Рақамли дунёда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Болалардан тортиб катталаргача гаджетлар ва онлайн ресурслардан фаол фойдаланмоқда. Арзон товар олинг, деган эълонлар ортидаги “онлайн савдо”, “ютуқли ўйин”лар қурбонига айланиб бораётганлар кўп.

Яқинда Фарғона шаҳридаги мактаблардан бирида кутилмаганда иккита машинадаги маиший буюмлар билан пайдо бўлган нотаниш бир гуруҳ ўқитувчиларни “чув” туширди. Даставвал устамонлар банк билан ҳамкорликда ютуқли ўйинлар ташкил этганига ўқитувчиларни ишонтиришди, кейин энг катта совға автомашина ва шаҳар марказидан икки хонали уй деб чалғитди. Шу тариқа савдо қизиб ўнлаб ўқитувчилар арзон “акция” сифатида таклиф этилган маҳсулотларни сотиб олиш мақсадида паспорт нусхаларини ўз қўллари билан тақдим этишди.

Эртасига бозорлар ва савдо марказларидаги нархлар билан танишган ўқитувчилар фирибгарлар қурбонига айланганини билдилар. Фирибгарлар уларга ҳақиқий нархидан анча арзон маҳсулотларни асл баҳосидан қимматга пуллаб улгуришганди. Бир йиллик истеъмол кредити билан бу нархлар янада кўтарилиши табиий. Қолаверса, белгиланган муддатда на ютуқли ўйинлар ўйналди, на машина ёки уй ютилди. Айни пайтда ўқитувчилар ҳар ойда банкка истеъмол кредити учун ойлигидан маълум бир фоизни тўламоқда. Бир йилдан сўнг кир ювиш машинаси, чангютгич сингари ҳар бир маиший буюми учун ҳақиқий нархидан камида икки-уч баробар кўпроқ маблағ тўлаган бўлиб чиқади. Энди пушаймонлик фойдасиз, чунки устамонлар бир зумда аллақачон истеъмол кредити учун ҳужжат расмийлаштириб қўйган.

Афсуски, сўнгги йилларда юртимизда онлайн савдо ҳажмининг кескин ошиб бораётгани билан бирга, турли маркетинг усуллари орқали истеъмолчиларни жалб қилиш ҳолатлари ҳам кенгаймоқда. Айниқса, таълим муассасалари ходимларини нишонга олган “акциялар”, “ютуқли ўйинлар” ва “чегирмали таклифлар” кўринишидаги ташаббуслар кўпайиб, улар орқали тезкор қарор қабул қилишга ундаш амалиёти кузатилмоқда. Бундай амалиётда қўлланиладиган усулларда кўпинча лотерея ёки ўйин усулларидан фойдаланилиб, истеъмолчиларда ишонч уйғотиш ҳамда уларни муддатли тўлов асосида харидга жалб этиш мақсад қилинади. Шу сабабли бундай ҳолатлар айрим вазиятларда турли тушунмовчиликлар, молиявий мажбуриятлар ва ҳатто низоларга сабаб бўлаётгани ачинарлидир.

Марғилон шаҳридаги умумтаълим мактабларидан яна бирида ўзини тадбиркор сифатида таништирган шахслар ўқитувчиларни онлайн савдо асосида товарлар сотиб олишга қизиқтириш мақсадида улар томонидан “стикер ўчириш ўйини” деб номланган лотерея шаклидаги ўйинни таклиф этади. Ўйиндаги ютуқ эса шу мактабда ишлайдиган Ф.Х. га чиқиши асос қилиб кўрсатилди.

Ютуқ фонди битта 43 экранли телевизорлиги ва совға тез муддатда келтириб берилиши айтилгач, онлайн платформа орқали Ф.Х.га муддатли тўлов шартидаги муайян суммадаги товарлар расмийлаштирилади. Мактабнинг яна беш нафар ходимлари томонидан муддатли тўлов шартларида харид қилинган товарлар тўлови ҳам Ф.Х. пластик картасига боғлаб қўйилади.

Гарчи истеъмолчида муддатли тўлов асосида харид қилинган товарлар учун тўловларни ҳамкасблар билан келишган ҳолда тўлаб боришни уддасидан чиқишига ишонч бўлса-да, уни товарлар сотиб олишига сабаб бўлган совғани келтириб бериш ишлари пайсалга солингач, истеъмолчи Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.

Жамият мутахассислари томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида “стикер ўчириш ўйини” ташаббускори, тадбиркорлик субъекти сифатида Андижон вилоятининг Асака туманида давлат рўйхатидан ўтган Ф.А. билан боғланилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари ва мазкур талабларга амал қилмаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилгач, истеъмолчига ваъда қилинган телевизор келтириб берилди.

— Ўқитувчилар турли акция ва ўйинлар орқали таклиф этилаётган харидлар борасида жуда эҳтиёт бўлишлари керак, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилояти бошқармаси мутахассиси Ғайратжон Маматқулов. — Ҳар қандай “ютуқ” ёки “совға” ортида муайян шартлар яширинган бўлиши мумкин. Тадбиркорлик субъектлари ҳам амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, истеъмолчини чалғитувчи ёки мажбурий харидга ундовчи усуллардан воз кечиши зарур. Акс ҳолда бундай ҳаракатлар нафақат истеъмолчилар ишончига путур етказади, балки ҳуқуқий жавобгарликка ҳам олиб келади. Огоҳ бўлинг!

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер