Фарғоналик ва қирғизистонлик тадбиркорларнинг юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтди

22:42 13 Сентябр 2022 Жамият
555 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона шаҳрида фарғоналик ва қирғизистонлик тадбиркорлар иштирокида юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. Унда умумий қиймати 4 миллион доллардан ортиқ бўлган ҳамкорлик келишувларига эришилди

USAID дастури доирасида минтақавий ва трансчегаравий савдони кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалигида янги иш ўринлари ва қўшимча даромад манбаларини яратиш жуда ҳам истиқболлидир.

Дастур доирасидаги «Агросоода» лойиҳаси бўйича куни кеча Қирғизистон Республикасининг Ўш, Баткен, Жалолобод вилоятларида фаолият олиб бораётган 20 нафардан зиёд тадбиркорлар икки кунлик ташриф билан Фарғона вилоятига келишди.

Ташриф режасига кўра, меҳмонлар дастлаб вилоятнинг Қува туманида жойлашган мевани қайта ишлаш корхонаси, Олтиариқ туманида яқинда ташкил этилган 1000 гектарлик узумзор, логистика маркази ва музлатгичли омборлар фаолияти билан танишдилар.

Бугун Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Қирғизистондаги «Датка» савдо-ишлаб чиқариш холдинги ташаббуси билан икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес учрашув ташкил этилди. Унда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алишер Солиев, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси масъул раҳбарлари, қирғизистонлик расмийлар иштирок этди.

— Айни кунларда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик доирасида ҳудудлар кесимида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алишер Солиев. — Бугунги учрашув самараси сифатида икки давлат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 4 миллион доллардан зиёд бўлган 4 та савдо шартномаси ҳамда 8 та меморандум имзолангани эътиборга сазовордир.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?