Фарғонада улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланди
Фарғона вилоятида буюк мутафаккир, серқирра ижодкор, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Қутлуғ сана муносабати билан вилоят бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, ижодий мулоқотлар, мушоира кечалари ҳамда адабий учрашувлар ўтказилмоқда.
Бугун эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида тантанали эҳтиром тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар, талаба-ёшлар ҳамда шеърият ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, иштирокчиларни Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги билан самимий табриклади. Шунингдек, тадбирда нутқ сўзлаганлар ҳазрат Навоий илгари сурган инсонпарварлик, адолат, маърифат ва эзгулик ғоялари бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан уйғун эканини таъкидладилар.
Айниқса, бугунги мураккаб ва долзарб замонда улуғ шоирнинг тинчлик, бунёдкорлик ва эзгуликка чорловчи боқий сатрлари ўз аҳамиятини янада ошираётгани қайд этилди.
Тантанали тадбир адабий-бадиий дастур билан давом этиб, баркамол авлод вакиллари ижросида Алишер Навоий ғазаллари янгради, мумтоз куй-қўшиқлар жаранг сочди.

— Фарғона шаҳридаги энг катта кўчалардан бирига Алишер Навоий номи берилгани, шаҳар марказида унинг номи билан аталувчи муаззам хиёбон қад ростлагани халқимизнинг улуғ аждодимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромининг ёрқин ифодасидир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Дилшода Эргашева. — Шунингдек, вилоят марказида Ёшлар ижод боғи барпо этилгани, Марғилон шаҳрида ижод мактабининг фаолият кўрсатаётгани мамлакатимизда адабиёт ва шеъриятга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самарасидир.
Қайд этилишича, жорий йилда ҳам ушбу сана муносабати билан вилоят миқёсида кўплаб адабий учрашувлар, илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар орқали Алишер Навоий ижодий меросини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсад қилинган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг