Фарғонада томорқачилик ва гулчилик самарали йўлга қўйилмоқда

13:19 07 Январь 2026 Жамият
189 0

Фарғона шаҳридаги энг йирик маҳаллалардан бири бўлган «Бешбола» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли азалдан томорқачиликдаги миришкорлиги билан танилган. Бу, аввало, маҳалла ҳудудининг вилоят марказий деҳқон бозорига яқин жойлашгани билан боғлиқ. Шунингдек, маҳалланинг бир қисми Қува туманига туташиб кетиши натижасида қувалик деҳқонлар тажрибаси ҳам бешболаликлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатган.

Айни пайтда маҳалладаги 1 253 та хонадонда 5 100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли тасарруфида жами 29,4 гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, помидор, бодринг, аччиқ ва булғор қалампири, турли кўкатлар ҳамда лимон етиштиришда бешболаликларга тенг келадиганлар кам.

— Бугунги кунда гулчиликни жадал ривожлантириш мақсадида қўшни Қува тумани миришкорлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган, — дейди «Бешбола» МФЙ раиси Расулжон Сайдалиев. — Шу асосда гулчилик кооперациялари ташкил этилди, бир ва кўп йиллик атиргуллар парваришланмоқда. Турли гуллар, кўчат ва қаламчалар маҳаллий бозорлар билан бир қаторда хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Яқин истиқболда гулчилик плантацияларида агротуризмни ривожлантириш ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, маҳаллада қўзиқорин ва цитрус мевалар етиштириш кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бу борада ёш томорқачиларга тажрибали тадбиркорлар бириктирилгани эътиборга молик.

Хусусан, Фарҳоджон Ҳайдаров ўз томорқасидаги 2 сотих ер майдонида иссиқхона барпо этиб, лимон етиштириб келмоқда. Айни пайтда иссиқхонада 30 туп лимон кўчати мавжуд бўлиб, йилига ўртача 1,5–2 тонна ҳосил олинади. Қиш мавсумида лимоннинг бир килоси бозорда 30–35 минг сўмдан сотилаётгани оила учун барқарор даромад манбаига айланган.

Оила соҳиби таъкидлашича, қиш ойларида етиштирилган лимонлар махсус омборда 12 даража илиқ ҳароратда сақланиб, янги ҳосилга қадар ўз сифатини йўқотмайди. Иссиқхонада сувни тежаш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Шунингдек, лимон кўчатлари касалликлардан асраш учун мунтазам агротехник парваришдан ўтказилади.

Қўшимча даромад манбаи сифатида ўтган йил декабрь ойи охирида лимон кўчатлари орасига қизил лавлаги экилган бўлиб, унинг ҳосили март ойида йиғиб олинади. Исмалоқ, кашнич ва саримсоқпиёз етиштириш ҳам хонадон аъзолари учун муҳим қўшимча даромад ҳисобланади.

Яқинда мазкур оилага 60 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу маблағ эвазига музлатгичли мева-сабзавот сақлаш омбори қуриш режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер