Фарғонада қарийб 21 минг дона психотроп модда сақлаганлар ушланди

13:10 05 Март 2026 Жамият
257 0

Видеодан кадр

Фарғона вилоятида қарийб 21 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Чегара қўшинлари ва Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1983 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги «Spark» русумли автомашина тўхтатилган.

Натижада, унинг салон қисмида 9960 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Бошқа ҳолатда эса қўшни давлатдан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини контрабанда қилиб, Тошкент шаҳридаги жиноий шерикларига етказиб бериш билан шуғулланган Қувасой шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Cobalt» русумли транспорт воситаси Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада, автомашина эшикларининг ички қисмига 8000 дона «Зардекс» ва 309 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилганлиги маълум бўлган.

Бағдод туманида қайд этилган ҳолатда, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Некция» русумли автомашинадан 1691 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган.

Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ўзининг 1991 йилда туғилган жиноий шериги воситачилигида 1274 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дориларни харидорга 56 млн сўмга сотган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 251¹, 246, 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?