Фарғонада нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди

11:04 13 Октябр 2025 Жамият
135 0

Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида кўп йиллар давомида юрт равнақ йўлида сидқидилдан хизмат қилган нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айни жараёнда бир умр сидқидилдан меҳнат қилиб, янги авлод тарбияси ва эл-юрт хизматида камарбаста бўлаётган отахон-онахонларимизнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.

Шу маънода, ҳозирги кунда Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган 430 минг нафардан зиёд катта авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва фидойилиги барчамизни беҳад мамнун этади.

Тантанали тадбирда Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган 82 нафар ана шундай фахрийларга I, II ва III даражали кўкрак нишонлари тақдим этилди.

— Қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида матбуот соҳасида фаолият олиб бораман, — дейди Бешариқ туманида яшовчи Собиржон Темиров. — Бугун ҳам туман газетаси бош муҳаррири сифатида Бешариқда барча соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш ҳаракатидамиз. Бундай эътибор ва рағбат эса бизга янада ғайрат-шижоат бахш этади.  

Тадбирда мумтоз ва қадрдон куй-қўшиқлар жаранг сочиб, йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?