Фарғонада «Eko-Save Aral-2025 ва инсон учун» халқаро хайрия мусобақаси бўлиб ўтди

14:55 22 Апрель 2025 Жамият
193 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» доирасида белгиланган чора-тадбирлар режасига кўра, «Eko-Save Aral-2025 ва инсон учун» шиори остида халқаро хайрия ва экологик оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди.

Тантанали тадбирни Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов очиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Эзгу ташаббуслар ижобати йўлида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу каби спорт мусобақалари эса ҳамюртларимиз, хусусан, янги авлод вакиллари ўртасида соғлом ва фаровон турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш жоиз, оммавий югуриш марафонида 15 минг нафар ҳамюртларимиз жам бўлиб, уларнинг 12,5 минг нафари бевосита мусобақаларда иштирок этди. Шунингдек, хайрия марафонида 270 нафар ногиронлиги бор шахслар ҳам қатнашгани ушбу тадбирнинг қамров даражаси йилдан йилга ошиб бораётганидан далолат беради.

Мусобақа иштирокчилари тўрт гуруҳга ажратилиб, мактаб ўқувчилари, талабалар, ҳуқуқ-тартибот, мудофаа соҳаси ҳамда корхона-ташкилотлар вакиллари, ногиронлиги бор шахслар ўз йўналишида ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Шу тарзда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

— Бугунги мусобақада профессор-ўқитувчилар, талабалар фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда барчага ибрат ва намуна бўлишди, — дейди Фарғона давлат университети проректори Зокиржон Раҳимов. — Албатта, жисмоний фаоллик инсоннинг ақлий салоҳияти юксалишига хизмат қилиши ҳеч кимга сир эмас. Бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказиб турилиши ана шу каби ижобий жиҳатлари туфайли ҳам ғоятда аҳамиятлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?