Фарғонада эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пули тўланмоқда

12:30 24 Ноябрь 2025 Жамият
207 0

2025–2026 йиллар иситиш мавсумида мамлакатнинг барча ҳудудларида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллион сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам ажратиш белгилаб қўйилган.

Фарғона вилоятида бу мақсадда 118 минг 654 та эҳтиёжманд оилага жами 118 млрд 654 млн сўм миқдорида бир марталик ёрдам тўлаб бериш режалаштирилган.

— Ҳозирга қадар 8 мингдан ортиқ оилаларга ушбу ёрдам пули тўлиқ етказиб берилди, — дейди Фарғона шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Лолахон Қодирова. — Жумладан, «Ижтимоий ҳимоя» ягона реестридаги 4 513 та ва «Камбағал оила» реестрига киритилган 1 130 та оила ушбу кўмакдан баҳраманд бўлди.

Бундан ташқари, яқинда «Камбағал оила» реестридан чиқарилган «яшил» тоифадаги 319 та ҳамда «маҳалла еттилиги» томонидан юритилган рўйхат асосида 2 194 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам тарқатилди.

Бағдод тумани Саидобод маҳалласининг 146 та эҳтиёжманд оиласига моддий ёрдам пули манзилли етказилди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Азизахон Умаррасулова турмуш ўртоғидан айрилиб, иккинчи гуруҳ ногиронлиги билан икки фарзанд тарбиялаётган бўлса-да, давлат томонидан берилган мазкур ёрдам пулига имтиёзли равишда арзон кўмир харид қилганини айтиб ўтди.

— Биз туман марказидан энг олис ҳудудда яшаймиз, — дейди Риштон туманидаги «Соҳибкор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Толибжон Султонов. — Маҳалладаги 46 та оилага бир марталик моддий ёрдам тўлиқ етказилгани мавсумнинг хотиржам ўтишида жуда катта аҳамият касб этди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?