Фарғонада адабиёт байрами шукуҳи

11:49 02 Октябр 2025 Жамият
193 0

Аввал хабар қилинганидек, Фарғона вилоятида адабиёт байрами бўлиб ўтди. Тадбирлар доирасида вилоят театр-концерт саройида миллий адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган мумтоз ижодкорларимиз, жадидлар, замонавий ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари хотирасига бағишланган адабий кеча ташкил этилди.

Адабий-маърифий учрашувда Муқимий, Мирзо Ҳўқандий, Ашурали Зоҳирий, Чархий, Собир Абдулла, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов, таниқли ижодкорлар Йўлдош Сулаймон, Ғулом Фатхиддин, Мақсуда Эгамбердиева, Аъзам Ўктам каби қалам аҳлининг ҳаёти ва ижоди муносиб эътироф этилди.

Байрам тадбирида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар ўзбек адабиётининг буюк намояндаларини хотирлаш ва замонавий ижодкорларни ардоқлаш юртимизда сўз санъатига бўлган эътибор ҳамда ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Самимий мулоқотда Сирожиддин Саййид Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров номига “Адабиёт фидойиси” статуэткасини эҳтиром рамзи сифатида топширди. Эътиборли томони шундаки, мазкур статуэтка республика миқёсида илк маротаба тақдим этилди ва у айнан Фарғона вилояти раҳбарига берилди.

Шунингдек, фарғоналик бир гуруҳ ижодкорларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди. Байрам тадбири давомида марҳум ижодкорларнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари ҳам берилди.

— Бу каби анжуманлар бугун юртимизда миллий адабиётимизнинг бой мероси, улуғ алломаларнинг фидокорона хизмати ва замонавий ижодкорларнинг меҳнати муносиб қадрланаётганидан далолат беради, —дейди ёш ижодкор Мунира Қўқонова. — Бундай тадбирлар ёш авлодни маънавий камолотга етказиш, адабиётга муҳаббат уйғотишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, тадбирда бир гуруҳ ижодкорлар қаторида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганим менга ўзгача ғурур, шу билан бирга, катта масъулият ва дахлдорлик туйғуси бахш этди.

Фарғоналик улуғ алломалар, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари муносабати билан ўтказилаётган адабий учрашувлар Қўқон шаҳрида ҳам давом этди. Қўқон университетида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлари Ғайрат Мажид, Фарида Афрўз Ҳўқанди латиф адабий муҳитининг ўзбек адабиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Адабиёт мухлисларига катта хурсандчилик улашган тадбирда қутлуғ 70 ёшини нишонлаётган қўқонлик таниқли шоира Мақсуда Эгамбердиевага ҳамда Чархийнинг набираси Ҳафизхон Абдувоҳидовга, Аъзам Ўктамнинг умр йўлдоши Ҳулкар Ҳамроевага, Ғулом Фатхиддиннинг ўғли Носир Фатхиддиновга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирлар давомида элимизнинг таниқли шоирлари иштирокидаги мушоира ва фарғоналик санъаткорларнинг қадрдон куй-қўшиқлари нафис мажлисларга янада файз ва шукуҳ улашди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?