Фарғонада 50 та ҳарбий оилага байрам туҳфаси

10:35 27 Август 2025 Жамият
100 0

Юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи кезаётган шу кунларда Фарғона шаҳридаги Абдулла Қодирий мавзесида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 8 қаватли янги уй фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал майор Ойбек Саидов, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда Қуролли Кучларимизни ислоҳ этиш, шу билан бирга ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Эзгу ташаббуслар ижобати йўлида хизмат уйлари, янги уй-жойлар қурилиб, дастлабки тўловлари имтиёзли тарзда давлат томонидан қоплаб берилаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Айни жараёнда 2020 йилдан буён Фарғона вилоятида ҳам 540 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларига намунавий уй-жойлар топширилди. Бугун эса яна 50 та ҳарбий оила ўз хонадонларига эга бўлди.

— Бугун 3 нафар фарзандим билан янги уйга кўчиб ўтдик, — дейди майор Азизбек Мадаминов. — Янги уйли бўлиш туйғуси одамни беҳад руҳлантириб юборар экан. Бундай эътибор ва рағбатдан жуда ҳам миннатдормиз.

Оила бекаси Наргиза Мадаминова ўқитувчи. Унинг айтишича, бу янгилик қўшалоқ байрамлар олдидан ўзи ва фарзандлари учун унутилмас хурсандчилик бўлди.

— Бизнинг давримизда бу каби қулайликлар йўқ эди, — дейди истеъфодаги подполковник Воҳиджон Тошалиев. — Бугунги шароитлар, имтиёз ва имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Айниқса, ҳарбий хизматчига уй топширилиши унинг кўнглини хотиржам қилади ва масъулиятини янада оширади.

Тадбир давомида рамзий тасма қирқилиб, йиғилганлар замонавий кўринишга эга шинам хонадонларда яшовчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Нуронийлар дуога қўл очиб, элга тинчлик ва хотиржамлик, оилаларга бахту саодат сўраб тилак билдирди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер