Фарғона вилояти делегацияси халқаро савдо кўргазмасида иштирок этди

17:33 19 Август 2025 Жамият
130 0

Жорий йилнинг 15-19 август кунлари Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Қашғар шаҳрида 15-Марказий ва Жанубий Осиё халқаро савдо кўргазмаси ўтказилди. Мазкур кўргазмада Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳам қатнашди.

Ярмарка доирасида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакати ва Хитойнинг турли ҳудудларидан юзлаб корхоналар ўз маҳсулот ҳамда хизматларини намойиш этди. Унда Фарғона вилоятининг инвестициявий салоҳияти ҳамда хорижлик сармоядорларга яратилган имконият ва имтиёзлар бўйича тақдимот ўтказилди.

— Ўтган йили Фарғона вилояти ва Хитой ўртасидаги умумий товар айланмаси 663 млн АҚШ долларини ташкил этди, — деди тантанали маросимда сўзга чиққан М.Убайдуллаев. — Эътиборлиси, сўнгги йилларда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик кўлами барча соҳаларда жадал ривожланмоқда.

Айни жараёнда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, хизматлар, туризм, ахборот технологиялари каби турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари доимий юксалишда. Фарғона вилоятида хитойлик сармоядорлар иштирокида қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қулай инвестициявий муҳит туфайли хитойлик тадбиркорлар Фарғонага сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётгани эътиборга молик.

Юзма-юз мулоқотларда Фарғона ва Қашғар шаҳарлари, Қўқон шаҳри ва Зепу тумани, Марғилон шаҳри ва Шаче тумани ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. “Дилрабо травел” сайёҳлик компанияси ҳамда Қашғар туризм ташкилоти ҳамкорлиги масаласида келишиб олинди. “Фарғона — Қашғар” йўналишида авиапарвозлар ташкил этиш таклифи маъқулланди.

Тадбирлар доирасида “Қашғар” махсус саноат зонаси ҳудудида жойлашган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишилди. Шинжон-Уйғур автоном районидаги тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, ижтимоий соҳа муассасалари фаолияти кўздан кечирилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?