Фарғона давлат техника университетида «Ёшлар технопарки» ташкил этилди

11:11 13 Май 2025 Жамият
275 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Маълумки, Фарғона давлат техника университетида таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Университет қошида ташкил этилган спин-офф компаниялари профессор-ўқитувчилар, магистр ва талабаларни вилоятдаги йирик саноат корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда илмий ва инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга кенг жалб қилмоқда.

Шу билан бирга, дуал таълим тизими асосида стартап лойиҳаларни ишлаб чиқаришда қўллаш, буюртма асосида янги маҳсулотлар яратиш, уларни патентлаш ва сифат сертификатлари олиш бўйича қувонарли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Университетда ақлли светофорлар, инновацион йўл белгилари, микро ГЭСлар ҳамда саноат корхоналари учун янги ускуналар ишлаб чиқилмоқда.

Бу жараёнларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, ёш олимлар, мустақил изланувчилар ва талабалар фаолиятини умумлаштириш мақсадида олий таълим муассасаси ҳудудида «Ёшлар технопарки» ташкил этилди. Ушбу ташаббус Фарғона ёшларининг стартап лойиҳаларини рўёбга чиқаришда илмий-амалий базани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Технопаркнинг очилиш маросимида вилоятдаги олий таълим муассасалари тадқиқотчилари ва ёш ихтирочилар ўз инновацион ишланмалари ва лойиҳаларини тақдим этдилар. Тадбир давомида яқин истиқболга доир мақсадлар, янги режалар хусусида фикр алмашилди.

— «Ёшлар технопарки» 8 йўналишда фаолият олиб боради, — дейди Фарғона давлат техника университети талабаси Фозилжон Қодирберганов. — Жумладан, 3D моделлаштириш, IT дастурлаш, сунъий интеллект, электротехника ва робототехника каби йўналишлар шулар жумласидандир.

Технопарк ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, инновацион фаолиятини рағбатлантиришда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?