Фарғона анори Жанубий Кореяда ҳам харидоргир

Фарғона вилоятида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигининг истиқболли тармоқларидан бири бўлган анорчилик жадал ривожланяпти. Айни мақсадда Қува тумани тажрибаси асосида ҳар бир туманда замонавий анорчилик плантациялари ташкил этилаётгани эътиборга молик.
Шу боис Фарғона боғларида етиштирилган, юқори таъмга эга ва сифатли анорлар жаҳон бозорида тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Хусусан, Жанубий Корея бозорида ушбу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф ортиб бораётир.
Айни жараёнда Риштон туманида фаолият юритаётган Сардорбек Содиқов раҳбарлигидаги “RICH FARM EXPO” корхонаси томонидан ҳам вилоятда етиштирилаётган анор хорижга экспорт қилинмоқда. Шу мақсадда корхона тасарруфида халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий саралаш ва қадоқлаш тармоқлари ишга туширилди.
— Ҳозирги кунда Фарғона анори Жанубий Корея пойтахтидаги бренд савдо тармоқларига улгуржи нархларда етказиб бериляпти, — дейди С. Содиқов. — Шу тариқа юртимиз анори Сеул орқали бошқа ҳудудларда жойлашган савдо тармоқларига тарқатилади. Яқин истиқболда ҳамкорлик келишувлари асосида экспорт ҳажми ва салмоғи, географиясини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун эса барча имкониятларимиз бор.
Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилоятида 7 та ҳудуд анорчиликка ихтисослашган. Бу йил 63,5 минг тоннадан ортиқ анор ҳосили олиш режалаштирилган. Шундан 14,4 минг тоннаси қиш-баҳор мавсумида сотиш учун музлатгичли омборхоналарга жойлаштирилади. Ўз навбатида, 9,3 минг тоннаси қайта ишлашга ва 5 минг тоннага яқини экспортга йўналтирилади.
Айни пайтда вилоятдаги 20 мингга яқин аҳоли хонадонларида анор етиштирилади.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг