ФАО Ўзбекистонда GEF лойиҳаларини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда

Фото: "Халқ сўзи"
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Глобал Экологик Жамғарма (GEF)нинг Ўзбекистонда табиий ресурсларни комплекс ва барқарор бошқариш, экологик тоза ишлаб чиқаришни тарғиб қилиш ва ер деградациясига қарши курашишга қаратилган лойиҳаларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон 1994 йилдан буён GEFнинг миллий, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги 50 дан ортиқ лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этди. “Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисида”ги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши доирасида GEF раҳбари Карлос Родригеснинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг GEF раҳбари Карлос Родригес билан учрашувида Ўзбекистонда Жамғарма лойиҳаларини амалга оширишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февраль ойининг бошида Вашингтонда бўлиб ўтган GEF Кенгашининг 66-йиғилиши доирасида “Экотизимни тиклаш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва барқарорликни ошириш учун Марказий Осиё сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги” (CAWLN) Минтақавий дастурининг 5 та лойиҳасига 26 миллион доллар ажратилди. Таъкидлаш жоизки, бешта лойиҳадан умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлган тўртта лойиҳа Ўзбекистон иштирокида ФАО кўмаги билан амалга оширилади.
— Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш шароитида Ўзбекистоннинг ривожланишига катта ҳисса қўшади, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Биз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришининг қишлоқ-озиқ-овқат тизимларига салбий таъсирини юмшатиш учун инновацияларни тарғиб қиламиз. Ишончим комилки, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда бу борада катта муваффақиятларга эришамиз.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш, Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқаришга қаратилган. Бугунги кунда ФАО GEFнинг молиявий кўмагида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда “Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш”, “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш”, “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш”, “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг