Европада ЖЧ-2026 саралаши. Бельгия Қозоғистонни, Испания Туркияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Кеча, 7 сентябрь куни Европа минтақасида Жаҳон чемпионати саралашининг навбатдаги ўйинлари бўлиб ўтди.
Хусусан, «J» гуруҳидан ўрин олган баҳсда Бельгия терма жамоаси ўз майдонида Қозоғистон миллий жамоасини қабул қилди. Учрашув майдон эгаларининг 6:0 ҳисобига ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда киритилган голларга «Наполи» футболчиси Кевин Де Брюйне (2 та), «Манчестер Сити» аъзоси Жереми Доку (2 та), «Рейнджерс» ярим ҳимоячиси Николас Рекин ва «Лилль» футболчиси Томас Менье муаллифлик қилди.
Ўйиндан сўнг, «Sofascore» портали учрашувда дублга эришган Кевин Де Брюйненинг ҳаракатларини 10 баллга баҳолади. Таъкидлаш керакки, Европа минтақасида бу йилги саралашнинг ҳеч бир ўйинида футболчилар бу балл билан баҳоланишмаган эди.
Шу тариқа учрашувда ғалаба қозонган Бельгия терма жамоаси 6-турдан сўнг, ўз гуруҳида 10 очко жамғарган ҳолда 2-ўринда бормоқда. Қозоғистон терма жамоаси эса 3 очко тўплашга эришган ва гуруҳда 4-ўринда.
Қозоғистон терма жамоаси саралашдаги кейинги ўйинини 10 октябрь санада Лихтенштейнга қарши ўтказади. Бельгия эса ўша куни гуруҳда етакчи бўлиб турган Шимолий Македония термасини қабул қилади.
7 сентябрь куни бўлиб ўтган яна бир ўйин, ЖЧ саралашининг «E» гуруҳидан ўрин олган баҳсда Испания терма жамоаси Туркия меҳмони бўлди. Учрашув 0:6 ҳисобида испанларнинг ғалабаси билан якунланди. Голларга «Арсенал» ярим ҳимоячиси Микел Мерино (3 та), шунингдек, «Барселона» аъзолари Педри (2 та) ва Ферран Торрес муаллифлик қилди.
«Sofascore» портали учрашувдан сўнг, Микел Меринонинг ўйинини 9,7 баллга, Ламин Ямаль ва Педрининг ҳаракатларини эса 9,4 баллга баҳолади.
Ушбу учрашувда ғалаба қозонган Испания термаси ўз гуруҳида 6 очко билан етакчига айланди. Жамоа дастлабки турда София шаҳрида Болгария терма жамоасини мағлуб этганди.
Маълумот учун, Испания жамоаси саралашдаги навбатдаги учрашувини 11 октябрь куни Грузияга қарши ўтказади. Туркия эса ўша куни Болгария меҳмони бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг