«Эроннинг АҚШга жавоби тайёр» — Хоманаий унинг мамлакати АҚШ устидан ғалаба қозонганини айтди

15:50 26 Июнь 2025 Дунё
250 0

Фото: Reuters

Исроил ўт очишни тўхтатиш келишувини бузса Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ базалари ва кемаларига зарба бериши, шунингдек, Ҳормуз бўғозини ёпиши мумкин. Бу ҳақда «The New York Times» хабар бермоқда.

«Эрон ҳукумати Исроил билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлди, чунки улар Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг эҳтимолий янги зарбалари қаршисида ўз позициясини сақлаб қолиши мумкинлигига ишончлари комил эди», дея ёзади газета.

Мақола муаллифларига кўра, Эрон ўнлаб йиллар давомида АҚШ билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўрган, шу сабабли Фордодаги уранни бойитиш заводини ер остида — чуқурликда жойлаштирган. Таъкидланишича, эҳтимол, шу туфайли ядровий иншоот АҚШ бункер бомбалари томонидан тўлиқ вайрон бўлишдан қутқарилгандир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳарбий-ҳаво кучларининг Эрон ядро иншоотларига берган зарбасини Иккинчи жаҳон уруши давридаги Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган атом бомбасига қиёслаган эди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳудудига ҳужум, худди Япония мисолида бўлгани каби жангларни ҳам тугатди.

Ўз навбатида, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий унинг мамлакати АҚШ устидан ғалаба қозонганини айтди.

У халққа мурожаати чоғида «Эрон Исроилни мағлуб этди ва АҚШ устидан устунликни қўлга киритди» деди.

«Менинг иккинчи табригим Эрон халқининг АҚШ режими устидан қозонган ғалабасига бағишланади. АҚШ урушга тўғридан-тўғри аралашди, чунки улар буни қилмаса, Исроил бутунлай йўқ бўлиб кетишини ҳис қилди», — дея таъкидлади Хоманаий.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?