Эрон терма жамоасини ютуш вақти келдими?

14:19 06 Сентябр 2025 Спорт
3143 0

8 сентябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «CAFA National Cup» турнирининг финал ўйини бўлиб ўтади. 5 сентябрь куни мусобақанинг гуруҳ босқичи якунланди. Натижаларга кўра, «А» гуруҳи ғолиби Ўзбекистон ва «Б» гуруҳи етакчиси Эрон Ислом Республикаси терма жамоалари финалда ўзаро баҳс олиб боради.

Ўзбекистон терма жамоаси шу вақтга қадар 1 маротаба Эронни мағлуб этишни уддалаган. Ўша вақтда Карлуш Кейруш энди терма жамоани қабул қилиб олган ва «форслар»нинг ўйини қовушмаётган эди. Ўзбекистон терма жамоаси ўша ўйинда битта хавфли вазият яратган ва айнан ўша ҳужумни гол билан якунлаш эвазига ғалабага эришган. Кўплаб вазиятларда «форслар»дан омад юз ўгирган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эрон устидан Теҳронда қўлга киритилган тарихий ғалабасини кўпроқ омад билан изоҳлаш мумкин. 8 сентябрь куни Ўзбекистон ҳамда Эрон терма жамоалари финалда дуч келишади. Бу сафар миллий терма жамоамиз омад ёки қўшимча факторлар билан эмас, айнан тенгма-тенг ўйин эвазига ғалабага эришиш лозим. Бунга бир нечта сабаблар бор, жумладан:

Эрон таркибидаги муаммолар

Эрон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» мусобақасида оптимал таркиб билан иштирок этаётгани йўқ.

Жамоанинг асосий дарвозабони ҳисобланувчи «Трактор» клуби посбони Алиризо Бейранванд футболдан маълум муддатга четлатилган. Бунга сабаб сифатида футболчининг Эрон Олий лигасида 2024/2025 йилги мавсум олдидан «Персеполис» клубидан «Трактор»га трансферида йўл қўйилган ҳуқуқий хатоликлар кўрсатилган.

Алиризо Бейранванд Эрон миллий терма жамоасининг 10 йилдан бери асосий дарвозабони ҳисобланади. Ўтган даврда Эрон терма жамоасини бошқарган мутахассислар фақат унга ишонч билдирган. Шу сабаб захира дарвозабони билан боғлиқ муаммоликлар бор.

Ҳозирда Бейранванднинг ўрнини эгаллаган «Персеполис» клуби посбони Паям Ниязманднинг терма жамоа миқёсидаги тажрибаси катта эмас. Тожикистон ва Афғонистон каби жамоалардан ўтказиб юборилган голларда ҳам қисман уни айблаш мумкин.

Шунингдек, жамоанинг яна асосий 3 нафар футболчиси Саид Иззатуллоҳи, Меҳди Гаеди ва Сардор Азмун жароҳатлари туфайли мусобақада ўйнай олмаяпти.

Ўз вақтида Германия ва Италия чемпионатларида ўйнаган Сардор Азмун Эрон миллий терма жамоасидаги энг муҳим фигуралардан бири экани ҳеч биримизга сир эмас. Унинг йўқлиги «форслар»нинг ҳужум чизиғини анча заифлаштириб қўймоқда.

Қанот вингери Меҳди Гаедида эса ўйин назоратини ўз қўлига олиш хусусияти бор эди. Баъзи бир ўйинларда натижа Меҳдининг индивидуал ҳаракатлари билан ҳал бўлган ҳолатларни кўп кўрганмиз.

Марказий ярим ҳимоячи Саид Иззатуллоҳни эса жамоанинг «мотори» эди дейиш мумкин. Ҳеч бир тўп учун курашда ўзини аямаслиги, жуда кескин ўйнаши ва умуман ҳаракатларига пропорционал бўлмаган характерга эга эканлиги билан ажралиб турадиган ушбу футболчи ҳам финалда жамоасига ёрдам бера олмайди.

Шунингдек, айни вақтда У-23 Осиё чемпионати саралаш ўйинлари бўлиб ўтаётгани сабаб миллий терма жамоага номзод бўлган бир нечта футболчилар мамлакат олимпия жамоасининг ихтиёрида бўлиб туришибди. Бу ҳолат ҳам Амир Галеной бошчилигидаги жамоанинг таркибини заифлаштирмоқда.

Хуллас, финал олдидан Эрон Ислом Республикаси терма жамоасининг таркиби билан боғлиқ жиддий муаммолар бор.

Сўнгги натижалар

Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоалари сўнгги 3 йилда жами 5 марта тўқнаш келган. «Оқ бўрилар» сўнгги бор айнан 2023 йилда ўтган «CAFA National Cup» биринчилиги финалида Эронга ютқазган. Шундан кейин бўлиб ўтган барча тўртта ўйин дуранг натижа билан якунланган. Айнан шу ўйинларда Эрон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги тафовут сезилмайдиган даражага келиб улгургани аниқ кўринганди. Сўнгги тўқнашувда Эрон ҳисобда ортда бора туриб, мағлубиятдан қутулиб қолганди.

2023 йили Тошкентда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати саралашининг 2-тур ўйинида ҳам Ўзбекистонга ғалаба учун фақат вақт етмай қолганди.

Сўнгги йилларда 2 мамлакат футболидаги ҳолат

Эрон азалдан футбол структураси бўйича Ўзбекистондан кучлироқ бўлган. Аммо айнан шу структуравий ҳолат жиҳатдан сўнгги 8 йилда бизникилар «форслар» билан тенглашиб, жойи келса ўтиб ҳам кетишди.

Буни жамоаларнинг таркибига қараб ҳам пайқаш мумкин. Эронни «қўрқинчли» ҳолатга олиб келган футболчилар — Самад Годдос, Алиризо Жаҳонбахш, Шожайи Ҳалилзода, Ҳусайн Канани, Рамин Ризоён каби футболчиларнинг ҳаммаси 30 ёшдан ошди. Энди улар Европа ТОП чемпионатларида ўйнай оладиган ҳолатда эмас.

Ҳаттоки, мусобақа олдидан ТОП-5 чемпионатларида ўйнаётган ягона эронлик футболчи сифатида қайд этилган Меҳди Тареми ҳам мусобақа сўнггида «Интер» клубини Грециянинг «Олимпиякос» жамоасига алмаштиргани ҳақида хабарлар чиқди. Демак, Эронда ТОП-5 чемпионатларида ўйнайдиган футболчи қолмади.

Шунингдек, 1999 йилдан кейин туғилган футболчилар орасида Эрондан катта номлар етишиб чиқмади. Фақатгина Меҳди Гаеди бундан истисно бўлиши мумкин. Аммо, уни ҳам ҳатто Осиё миқёсида «катта футболчи» деб баҳолаш қийин. Лекин ҳозирги Эрон савиясида уни етакчи ролида кўриш мумкин.

Мезбон фактори эвазига ушбу баҳсда Тимур Кападзе жамоаси фаворитдек кўринмоқда. Ўйинда нима бўлишини эса 8 сентябрь куни билиб оламиз.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?