Ер бандлик ва барқарор даромад манбаидир
Халқимизда бир гап бор: «Балиқчига балиқ берма, қармоқ бер». Дарҳақиқат, меҳнаткаш халқимизга қулай шароит яратилса, керак бўлса кесакдан ҳам олов ёқади. Бунга Улуғнор туманида ишсиз фуқароларга ажратилган ер майдонларида амалга оширилаётган ишлар самарасига гувоҳ бўлгач, яна бир бор амин бўлдик.
Бугунги кунда туманда 279 нафар собиқ меҳнат мигрантлари, ишсиз фуқаролар ва ёш тадбиркорлар ажратилган ер майдонларида меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорларда ҳам ўз харидорини топмоқда. Айниқса, Россия ва Тожикистон бозорларига экспорт қилинаётгани аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, туманнинг «Нуробод» маҳалла фуқаролар йиғинида 10,2 гектар ер майдони ажратилиб, 41 нафар ёшга бириктириб берилди. Бу ерда помидор етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, уларга «Нуробод агро хизмат» МЧЖ бириктирилган. Ишлар «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида ташкил этилгани эса агротехник тадбирларни самарали амалга ошириш, маҳсулот ҳосилдорлигини ошириш ва бозорга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Авваллари Россия Федерациясида меҳнат қилардим, — дейди томорқачи Абдувосит Аҳмедов. — Маҳалла фаоллари мигрантлар билан алоқага чиқиб, туманимизда ҳам яхши шароитлар яратилаётганини, жумладан, ер майдонлари ажратилаётганини маълум қилишди. Шундан кейин қайтиб келиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошладим. Ўтган йилги даромадимдан битта «Лабо» автомашинасини сотиб олдим. Томорқадан бўш пайтларимда ушбу автомобиль орқали аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқдаман.
Мазкур лойиҳа доирасида фуқароларга фақат ер ажратиш билан чекланиб қолинмаяпти. Уларнинг самарали иш юритиши учун зарур агротехник маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу эса янги иш бошлаган деҳқонлар учун муҳим тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.
— 2024–2025 йилларда очиқ майдонга экилган помидордан юқори ҳосил олдик, — дейди томорқачи Иброҳимжон Нурматов. — Бунга лидер тадбиркор томонидан ўз вақтида берилган маслаҳат ва кўрсатмалар сабаб бўлди. Қачон қандай агротехник тадбирларни амалга ошириш кераклиги юзасидан қисқа муддатли ўқув машғулотлари ташкил этилди. Масъуллар даламизга келиб, амалий тавсиялар бериб туришди. Ҳосилни ҳам ўзлари сотиб олиб, экспортга йўналтиришди. Биз эса меҳнат қилдик, холос. Натижаси ёмон бўлмади. Ўтган йилги ҳосилдан «Дамас» автомашинаси сотиб олдим.

Айни пайтгача ушбу ер майдонларида очиқ майдонда помидор етиштириб, бир йилда ўртача 150 миллион сўмгача даромад олишга эришилаётган эди. Сўнгги вақтларда иссиқхоначилик фаолияти тажриба тариқасида йўлга қўйилди. Натижада бир йилда уч марта ҳосил олиш имконияти яратилиб, 450–500 миллион сўмгача даромад олиш мумкинлиги амалиётда ўз исботини топди. Шу боис келгусида мазкур ҳудудда иссиқхоначиликни янада кенгайтириш ва унга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилмоқда.
Бундай ташаббуслар аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни даромадли меҳнатга жалб этиш ва қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, фуқаролар ўз меҳнати орқали барқарор даромад манбаига эга бўлаётгани ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва фуқаролар даромадларини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Жойларда ердан самарали фойдаланиш, одамларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган бундай амалий ишлар эса ўз самарасини бериб, ижтимоий ҳаётда муҳим ва туб бурилишларга замин яратаётгани билан аҳамиятлидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг