Энг яхши мақолалар муаллифлари тақдирланди

00:24 27 Июнь 2025 Жамият
568 0

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти томонидан муаллифларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар ўртасида соғлом ижодий рақобатни кучайтириш мақсадида “Энг яхши мақолалар” танлови ўтказилиши анъанавий тус олган.

Кеча мазкур танловнинг 2025 йил биринчи ярим йили якунлари бўйича ғолиблари тақдирланди.

Тобора оммалашиб бораётган танловга мамлакатимиз зиёлилари, олимлардан юздан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинди ҳамда уларнинг аксарияти газеталаримизда чоп этилди. Ҳакамлар ҳайъати улар орасидан мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти, аҳамияти таҳлилий руҳда, қизиқарли ва таъсирчан усул ҳамда услубда очиб берилган, самимий ва содда тилда ёзилган энг яхши мақолаларни саралади.

Натижаларга кўра, “Халқ сўзи” газетаси бўйича педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов (2025 йил 21 январдаги “Таълим тараққиёти сари дадил қадам” сарлавҳали мақоласи учун), Тошкент давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Боймуродов (2025 йил 19 июндаги “Назария ва амалиёт уйғунлиги битирувчиларнинг касбий тайёргарлигини юксалтиради” сарлавҳали мақоласи учун), Андижон давлат педагогика институти ректори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Расулов (2025 йил 24 июндаги “Барқарор келажакка дадил қадам” сарлавҳали мақоласи учун) эътироф этилди.

“Народное слово” газетаси бўйича Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ғафуржон Муҳамедов (2025 йил 19 мартдаги “Соответствовать требованиям времени” сарлавҳали мақоласи учун), Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Тўлқин Тешабоев (2025 йил 27 майдаги “Членство во Всемирной торговой организации: значимый шаг на пути к национальным целям” сарлавҳали мақоласи учун), Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор Баҳодир Холиқов (2025 йил 25 июндаги “Социальное государство: реальность и перспективы” сарлавҳали мақоласи учун) ғолиб деб топилди.

“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган “Кучли давлатни билимли ёшлар қуради” сарлавҳали мақоласи ҳамда газета тарғиботидаги фаол иштироки учун “Турон” фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори Баҳодир Ҳасанов рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ кўрилди.

Эътироф этилганларга таҳририят совғаси ва дипломлар топширилди.

Тақдирланганлар ҳар иккала газета ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини халққа етказишда чинакам минбар вазифасини ўтаётганини айтиб, ўз миннатдорликларини билдирди.

Танлов шу йил охиригача давом этади.

«Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?