“Энди мен ёлғиз эмасман...”
Ҳаёт дарёга ўхшайди. Дарё бир текис оқмаганидек, инсон ҳам турмушнинг аччиқ ва ташвишли дамларига рўбарў келади. Қоровулбозорлик Фируза Издилияева бунга ўз ҳаёти мисолида кўп бор ишонч ҳосил қилган. Қолаверса, биринчи гуруҳ ногирони саналган кишига қачон осон бўлган, дейсиз?
—Тушкунликка тушиб, ёлғизликдан қийналган кезларимда яхши одамлар ёрдамларини дариғ тутишмаяпти,— дейди у. —Маҳалла-кўй, айниқса, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жамоасидан миннатдорман. Кечагидай эсимда, шу марказдан келиб, “Опажон, асло зерикманг, сиз ёлғиз эмассиз” дейишганида қушдай енгил тортганман. Улар тақдим этган электр билан ҳаракатланадиган аравача мушкулимни анча осон қилди. Энди ҳаёт кўзимга жуда чиройли кўринмоқда.
Бир нафар вояга етмаган болани тарбиялаётган бу юртдошимизнинг турмуши ҳафта, ой сайин яхшиланиб боряпти, десак адашмаймиз. Хусусан, унинг “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланаётгани айни муддао. Бир неча йўналишни қамраб олган бу дастурга кўра, унга кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган бола нафақаси тайинланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси эса дори-дармон харажатлари учун моддий ёрдам ажратди. Ҳатто марказга қарашли санаторийда саломатлигини тиклаши учун имконият яратилди.
—Булар ҳали ҳаммаси эмас,— дейди суҳбатдошимиз.— Марказ уй-рўзғор юмушларига кўмаклашиш учун атайлаб бир киши ажратди. Ташвишим енгиллашди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу эътибор ва ғамхўрликни асло унутмайман.
Дарҳақиқат, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида жорий этилган янги йўналишлардан бири – уйда қараб туриш хизмати тақдирнинг аччиқ зарбаси оқибатида мустақил тарзда юра олмай қолган аёлнинг мушкулини осон қилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Бу юмушлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда туман ва шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари томонидан тизимли тарзда амалга ошириляпти.
Эътиборлиси, бу хайрли ишга бизнес соҳаси вакиллари ҳам ҳисса қўшишмоқда. Масалан, ғиждувонлик тадбиркор Вилоят Ғуломова ташаббуси билан туманда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кундузги қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Бу ерда ҳозир 13 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқарога ижтимоий-тиббий реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда. Бунинг афзалликлари жуда кўп. Гап шундаки, илгари қаровга муҳтожларнинг яқинлари уйда уларнинг парвариши билан шуғулланишга мажбур эди. Оқибатда улар фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғуллана олмасди. Эндиликда эса аҳвол ўзгарди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури шарофати билан қаровга муҳтожларнинг яқинлари ишлаб, рўзғор каму кўстини тўлдириш имконига эга бўлдилар. Қолаверса, бу дастурда ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳам қизиқишларидан келиб чиқиб ҳунар ўргатиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг