ДХХ икки ҳудудда 33,4 минг дона психотроп моддалар савдосига чек қўйди (+видео)

10:33 02 Март 2026 Жамият
190 0

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали.

Унда айтилишича, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс ва унинг 1999 йилда туғилган самарқандлик таниши пойтахт ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 8 минг 400 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, улар вақтинчалик омбор сифатида фойдаланиб келаётган Чилонзор туманидаги хонадондан ҳам 12 минг 600 дона «Регапен» ва 10 минг дона турли хилдаги, ишлаб чиқариш фирмаси аниқ бўлмаган, қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари, дориларни қадоқлашда фойдаланиладиган 500 дона идишлар ва қалбаки дориларнинг қадоқларига тегишли қайдларни ёзишга мўлжалланган маркерловчи мини-принтер қурилмаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унга кўра, 1994 йилда туғилган шахс 6 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситасини 600 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унга бу турдаги дори воситаларини етказиб бериб турган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган муқаддам судланган фуқаро ҳам пойтахт ҳудудида ушланган. Унинг «Трекер» русумли автотранспорт воситасидан 12 минг 400 дона «Зардекс» ва 14 дона «Регапен» дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?