Деҳчаликлар қувончига нима сабаб бўлди?

11:15 15 Октябр 2025 Жамият
147 0

“Деҳча” маҳалласида жойлашган 39-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти салкам эллик йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўшанда боғчага илк бор қадам қўйган болалар улғайиб, бугунги кунда 54-55 ёшни қоралаб қўйди. Аммо боғча биноси ўша-ўшалигича қолди. Аниқроғи, таъмирталаб аҳволга тушди.

Бухоро туманидаги мазкур муассаса учун янги бинонинг қурилиши шу боисдан ҳам деҳчаликлар учун қувончли воқеага айланди. Ахир, ўз фарзандининг замон талаблари даражасидаги масканда таълим-тарбия олишини қайси ота-она истамайди, дейсиз?

— Янги бино инвестиция дастури доирасида 3,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилди, — дейди мазкур ташкилот мудираси Солиҳа Латипова. — Энди 120 ўринли бу бинода маҳалламиз болаларининг жисмоний ва ақлий ривожланиши, мактабга тайёр ҳолда бориши учун барча қулайликлар яратилган. Бу юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига устувор вазифа сифатида қаралаётгани нишонаси, албатта.

Мамлакатимизнинг барча гўшаларида кузатилаётгани каби кейинги йилларда Бухоро туманида ҳам жажжи ўғил-қизларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мулкчиликнинг турли шаклидаги боғчалар ташкил этиляпти. Айни дамда туман бўйича 135 та шундай муассаса фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3-7 ёшдаги болажонларнинг 10 минг нафардан зиёди қамраб олинган.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?