Давлатободдаги оилавий поликлиника икки баравар қувватга эга янги бинога кўчиб ўтди

14:55 24 Декабрь 2025 Жамият
364 0

Наманган вилоятининг Давлатобод туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди. “Гулшан” маҳалласи ҳудудида жойлашган 11-сонли оилавий поликлиника энди янги тикланган замонавий бинода фаолият кўрсатади. Мазкур иншоот 2 миллиард 757 миллион сўм маблағ эвазига қурилиб, бу ерда шифокорлар учун қулай иш шароити, беморларга кенг ва ёруғ қабул хоналари барпо этилган.Шунингдек, лаборатория, диагностика ва профилактика хизматлари, физиотерапия муолажалари учун ажратилган хоналарнинг жиҳозлари ҳам бутунлай янгиланди.

- Муассасасимиз кунига юз нафар фуқарони қабул қилиш имкониятига эга бўлди, -дейди бош шифокор Раҳимжон Раҳимов. — Айни пайтда “Гулшан” ҳудуддаги тўртта маҳалланинг 21,7 мингдан зиёд аҳолисига бирламчи тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Янгиланган поликлиника бугунги кунда рақамлаштирилган ҳолда фаолият кўрсатаётир. ДМЕД тизими ишга туширилгани натижасида беморларга инфокиоск орқали навбат чеки бериш ва уларни зарур мутахассисга юбориш тартиби қўлланилаётгани барчага енгиллик яратмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?