Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида спортдаги ютуқларга алоҳида тўхталди

12:00 26 Декабрь 2025 Сиёсат
101 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жорий йилда эришилган энг муҳим ютуқлар ҳақида сўз юритар экан, азму шижоатли спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ғалабаларини мамнуният билан таъкидлади.

Аввало, Ўзбекистон футболи учун 2025 йил чинакам тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Моҳир шахматчиларимиз жаҳон кубогида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон кубогининг энг ёш соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлайди.

Ўтган ҳафтада 9-17 ёшли шахматчилар ўртасида рапид ва блитс йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Жасорат ва матонат соҳиби бўлган спортчиларимиз бу йилги ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.

Истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.

Маълумки, Ўзбекистон келгуси йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.

Шу билан бирга, 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиада ўтказилади.

Бундай нуфузли тадбирлар Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.

Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, UNESCO Бош конференциясининг сессияси, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда «Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация» қабул қилинди.

Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер