Давлат харидларида 28 300 дан ортиқ рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди

10:12 10 Март 2026 Иқтисодиёт
267 0

Рақобат қўмитаси ўтган йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган давлат харидларида аниқланган рақобатга зид ҳолатлар тўғрисида маълумот берди.

Унда айтилишича, 2025 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган жами бошланғич қиймати 18,8 триллион сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат харидлари бўйича ўрганишлар ўтказилган. Аниқланишича, буюртмачи ва иштирокчилар томонидан 16 135 та савдолар жараёнида 28 304 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.

Хусусан, 16 017 та ҳолатда савдоларни ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби бузилган, 1 145 та ҳолатда савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳолатлари аниқланган. 801 та ҳолатда савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ҳолатлари кузатилган, 8 647 та ҳолатда савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берилган.

Бундан ташқари, 685 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида, 61 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари аниқланган. 948 та ҳолатда бошқа рақобатга зид ҳолатлар фош қилинган.

Юқорида келтирилган ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, 11 427 та харидларда аниқланган ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда мазкур органларга маълумотлар тақдим этилган.

Шунингдек, 4 708 та харидлар бўйича ваколат доирасида ишлар қўзғатилиб, давлат харидлари субъектлари мансабдор шахсларга нисбатан 714 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?