Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси: концептуал таклиф ва тавсиялар

16:24 15 Январь 2025 Сиёсат
712 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Пойтахтимизда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори офиси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳасининг халқаро ҳамжамият билан жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.

Давлат дастури лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўтказилган мазкур жамоатчилик муҳокамасида 200 нафардан ортиқ экспертлар, хусусан Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хорижий дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда БМТ “оиласи”га кирувчи барча агентликларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ва экспертлари (UNICEF, UNESCO, UNDP, FAO, UNFPA, UNAIDS, UNODC, ILO, WHO,), Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари иштирок этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар, айниқса мамлакатимизнинг тараққиётига бевосита дахлдор ҳисобланган стратегик ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кенг жамоатчилик, шунингдек хорижий экспертлар ва халқаро жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Муҳокамалар жараёнида Давлат дастури лойиҳасида белгиланаётган чора-тадбирлар ва вазифалар бугунги глобаллашув жараёнида янги Ўзбекистоннинг халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга қаратилган концептуал ҳужжат эканлиги таъкидланди.

Сўз — анжуман иштирокчиларига

Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:

— 2025 йил Давлат дастури лойиҳасида 295 та амалий чора-тадбирлар, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 269 та мақсадли кўрсаткичлар белгиланиши назарда тутилмоқда. Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси 2025 йил 8 январдан бошлаб “Тараққиёт стратегияси” марказининг махсус www.uzbekistan2030.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Ушбу портал орқали аҳолига стратегия ва Давлат дастурларининг ижроси, шунингдек ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириш ҳамда таклифларини билдириш имконияти яратилган. Ҳозирги кунга қадар лойиҳа юзасидан халқимиз томонидан порталга 3 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бундан ҳам кўриниб турибдики, ҳамюртларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдирига бефарқ эмаслар. Улар давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида яна қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги хусусида фикр-мулоҳазаларини, таклиф-тавсияларини билдиришмоқда.

Тадбир давомида Фармон лойиҳасининг бандларида белгиланаётган вазифаларни такомиллаштиришда ҳалқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари алмашилди. Шунингдек, 2025-йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини жамоатчилик, шу жумладан, халқаро ҳамжамият вакиллари билан муҳокама қилиш орқали уни такомиллаштириш, халқчиллигини таъминлаш ва ҳужжатнинг халқаро стандартларга тўлиқ мос келишини таъминлашга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Сабина Махл, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори:

 — Мен “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Унда атроф-муҳитни асраш, экологик вазиятни яхшилаш, яшил энергияни ривожлантириш масалаларига кенг ўрин берилган. Ўйлайманки, бу кенг қамровли дастур Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги интилишларининг тасдиғидир. Бу орқали Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилгача глобал кун тартибига киритилган муҳим масалалар, яъни бутун инсоният ҳаёти ва фаровонлиги даражасини ошириш, дунёда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали адолатли ва барқарор жамият қуриш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириб, сезиларли натижаларга эришмоқда. Бугунги тадбирдан фойдаланиб мен ўз таклифларимни билдирдим. Энг аввало, давлат дастури ишга тушгандан кейин ижроси таъминланиши, у қисқа мулддатли жараёнга айланиб қолмаслиги керак. Иккинчидан, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳозиргидек, очиқлик таъминланса, халқнинг давлатҳокимияти органларига ишончи янада ортади.

Биз Ўзбекистон ҳукуматига давлат даствурида белгиланган вазифалар ижросида кўмаклашмоқчимиз. Мамлакатингизда БМТнинг 25 та турли хил агентликлари, идоралари фаолият кўрсатмоқда. Ана шу муассасаларнинг ихтисосликларидан келиб чиқиб, ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз. Масалан, сув ресурсларини тежаш, сувдан унумли фойдаланиш, экотизимни яхшилаш, энергия самарадорлигини ошириш, Оролбўйида яшаётган одамларга ижтимоий кўмак кўрсатиш шулар жумласидандир.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?