Давлат бюджети ижроси парламент назоратида

12:58 14 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
1244 0

Мамлакатимизда пандемия шароитида молиявий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил 9 ойлик ижроси Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида, коронавирус инфекциясига қарши курашиш ҳамда глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш юзасидан Юртбошимиз томонларидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган 9 ойлигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 017,2 миллиард сўм йўналтирилган. Шундан, атмосфера ҳавоси муҳофазаси бўйича тадбирларга 11,4 миллиард сўм, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш тадбирларига 189,5 миллиард сўм, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига (жумладан қўриқхоналар, табиий ва миллий боғлар, ўрмонларни сақлашга) 169 миллиард сўм, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирларга 27,3 миллиард сўм, ерларни сув ва шамол эрозиясидан сақлашга ва ерлар рекултивациясига 13,5 миллиард сўм, чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш ишларини такомиллаштириш мақсадида санитар тозалаш корхоналари учун махсус техника сотиб олиш ва чиқинди полигонларини тартибга келтириш тадбирларига 112,4 миллиард сўм ҳамда бошқа атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир тадбирларга 3,1 миллиард сўм молиялаштириб берилган. Сув хўжалиги эксплуатацияси харажатларига 3 963,1 миллиард сўм, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга 238,7 миллиард сўм ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури учун ажратилган 4,1 миллиард сўм ҳам тўлиқ ўзлаштирилган. Давлат экология қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий техника таъминотини яхшилаш мақсадида 2020 йилда «Орол денгизи ҳавзаси учун иқлим ўзгаришини мослаштириш ва камайтириш Дастурлари» (CAMP4ASB) доирасида қиймати 731 минг АҚШ доллари бўлган “Mercedes Benz Sprinter” русумли 2 та мобил экологик лабораториялари ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Дубай Амирлиги Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси техник кўмак келишувига асосан, қиймати 162 минг АҚШ доллари бўлган 13 турдаги 20 дона лаборатория жиҳозлари фойдаланишга қабул қилинган. Ўрмон фонди ерларида жорий йилнинг ўтган даврида жами 728 минг гектар майдонда ўрмон-мелиоратив тадбирлари амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 декабрдаги қарорида белгиланган параметрлар ижроси доирасида 703 минг гектар Орол денгизининг қуриган тубида, 8,1 минг гектар тоғ ва тоғолди ҳудудларида, 900 гектар тез ўсувчи дарахт турларидан водий ва тўқай ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этилган. Шу билан бирга 2 минг гектар майдонда суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этилган.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриган ҳудудининг 3 минг гектарида яйлов барпо этилган. Ўрмон хўжаликлари томонидан ҳар хил турдаги дарахт ва буталардан жами 700 гектардан ошиқ майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ҳамда 4,3 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилган. Маданий ҳолда етиштириладиган доривор ва озуқабоп ўсимликлар турлари 61 турга етказилиб 1300 тонна маҳсулот тайёрланган.

Таъкидлаш жоизки, айрим ҳолларда масъул вазирлик ва идоралар томонидан экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан ҳар доим ҳам самарали ва ўз вақтида фойдаланилмаяпти. Жумладан, Республика бюджетида суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш тадбирлари учун кўзда тутилган 35 миллиард сўм маблағлар, иҳота дарахтзорларини барпо этиш ишлари мавсумийлигини ҳамда асосан баҳор ва куз мавсумларида бажарилишини инобатга олган ҳолда 2020 йилнинг дастлабки 6 ойлигида кўзда тутилган эди. Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўзда тутилган маблағларнинг жами 35 миллиард сўмдан йилнинг ўтган даврида фақатгина 13,5 миллиард сўми ишлатилган.

Хулоса қилиб айтганда, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг асосий йўналишлари барча жабҳалар қатори мамлакатимиз экологик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим стратегик аҳамиятга эга. Зотан, жаҳонда коронавирус инфекциясига қарши курашиш ҳамда глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш шароитда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, мазкур ҳужжат иқтисодий сиёсатни ва бюджет сиёсатини янада модернизациялаш ҳамда ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишда долзарб аҳамият касб этади.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?