Чўл бағридаги ноёб жавоҳир

15:44 09 Ноябрь 2023 Иқтисодиёт
272 0

Қашқадарё вилоятининг жануби-шарқида, Ғузор ва Нишон туманлари туташган поёнсиз чўл бағрида нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган учта гигант корхона ёнма-ён жойлашган. Уларнинг бири “Ўзбекнефтегаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бўлса, иккинчиси “Шўртан газ кимё мажмуаси”дир.

Учинчиси эса сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган энг йирик ва ноёб лойиҳа - “Uzbekistan GTL” заводи ҳисобланади. Ўзининг қиймати, мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрнига кўра ушбу мажмуани чўл бағрида жойлашган ноёб жавоҳирга қиёслаш мумкин.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ ташаббуси билан бир гуруҳ ОАВ вакиллари иштирокида мазкур гигант корхонага пресс-тур уюштирилди.

Қатар, Нигерия, ЖАР, Малайзия ва Ғузорда

“Шўртан газ-кимё мажмуаси”нинг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси аслида анча аввал пайдо бўлган. Бироқ жуда катта молиявий, илмий, технологик ва дипломатик ечимларни талаб этадиган ушбу лойиҳа кўп йиллар давомида амалга ошмай келаётган эди.

2016 йилда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик вазифасига киришганидан сўнг илгари сурган дастлабки ташаббусларидан бири ушбу заводни барпо этиш бўлди. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги тегишли қарори билан мазкур инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, шу асосда ишга киришилди.

2017 йилда заводга илк тамал тоши қўйилиб, ишлар бошланган бўлса, 2022 йилнинг май ойида умумий қиймати салкам 3,611 миллиард доллар бўлган йирик мажмуа тўлиқ қуриб битказилди. У йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси, 437,3 минг тонна нафта, 307,3 минг тонна керосин ҳамда 53,4 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга.

— Таъкидлаш жоиз, табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади, — дейди “Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директори Алишер Баҳодиров. — Шу боис ҳам дунёда бундай заводлар кўп эмас. Шу вақтгача жаҳонда фақат 4 та давлат – Қатар (2 та), Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда GTL заводлари қурилган бўлса, Ўзбекистон бундай ноёб корхонага эга бешинчи давлат бўлди. Боз устига “Uzbekistan GTL” заводи юқоридаги корхоналар ичида технологик жиҳатдан энг замонавийси ҳисобланади.

Ўзбекистон жаҳонда биринчи

“Uzbekistan GTL” заводи 2022 йилнинг июнь ойида маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Дастлаб синтетик дизель ва нефть маҳсулотлари, 2022 йилнинг сентябрь ойидан эса синтетик авиакеросин ишлаб чиқарила бошланди.

Эътироф этиш жоиз, шу вақтга қадар тўлиқ синтетик авиакеросин ишлаб чиқариш амалиёти ҳали дунёнинг бирор мамлакатида йўлга қўйилмаган. Бу борада Ўзбекистон жаҳонда биринчи бўлди. Шунингдек, корхонада ишлаб чиқарилаётган синтетик дизель ёнилғиси ҳам ўзининг кўплаб сифатлари билан бошқаларидан ажралиб туради.

У Европанинг энг юқори стандартларига жавоб бергани учун “Евро-6” авлодига (К-6) мансуб бўлиб, премиум класс тоифасидаги ёнилғилар қаторига киради.

GTL дизель ёнилғисининг анъанавий ёнилғидан устунлик жиҳатлари -таркибида олтингугурт ва ароматик углеводородлар деярли йўқлиги, цетан сони жуда юқорилиги, ўзи деярли ҳидсиз ва рангсиз эканлиги ҳамда EN15940 Европа стандартининг барча талабларига жавоб беришидир.

Шу билан бир қаторда, “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган дизель ёнилғиси экологик тозалиги билан ҳам ажралиб туради. У ёнганда заҳарли чиқиндилар, жумладан олтингугуртли заҳарли бирикмаларни деярли чиқармайди. Шу орқали ҳавога зарарли чиқиндилар чиқиши 40 фоизга камаяди.

Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб эса заводда арктик турдаги GTL дизель маҳсулотлари ишлаб чиқариш режимига ўтилган.

— Дизель маҳсулотлари мавсумийлигига қараб ёзги, қишки ва арктик турларига бўлинади, — дейди "Uzbekistan GTL" МЧЖ марказий лабораторияси лаборанти Бекзод Усмонов. — Белгиланган стандартлар талабига кўра, ёзги ёнилғи ҳаво ҳарорати минус 5 даражагача, қишкиси - минус 32 даражагача, арктик турдагиси эса минус 44 даражагача бўлса ўз хусусиятини йўқотмайди. "Uzbekistan GTL" заводида ўтган ойдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган синтетик GTL дизель маҳсулотлари эса ҳатто минус 50 даража совуқда ҳам ўз ҳолатини барқарор сақлаб қолади.

Аввал ички бозор, сўнг экспорт

“Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директорининг таъкидлашича, айни пайтда корхона ярим қувват билан ишламоқда ва маҳсулотнинг реализациясига қараб қувватни ошириб бориш кўзда тутилган.

Корхонанинг олдига қўйган асосий мақсадларидан бири ҳам аввало ички бозорни сифатли дизел ёнилғиси билан таъминлаш ҳисобланади ва бугунги кунда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг салмоқли қисми ички бозорга айнан йўналтирилмоқда. Шу билан бир қаторда, экспорт имкониятлари ўрганилиб, босқичма-босқич тарзда халқаро бозорга кириб борилаяпти.

— Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 144,7 минг тонна маҳсулот экспортини амалга оширдик, — дейди Алишер Баҳодиров. — Илк бор синов тариқасида Европа давлатларидан Эстонияга синтетик дизель ёнилғисини олиб бориб сотдик. Улар қизиқиб қолишди. Ҳар ой 10 минг тонна маҳсулот олишга тайёр. Бундан ташқари, Европанинг қолган давлатлари ҳам умумий ҳисобда ойига 30 минг тонна синтетик дизель ёнилғиси олиш бўйича шартнома таклиф қилмоқда. Ҳатто АҚШдан харидорлар мурожаат этишаяпти. Демакки, экспорт бўйича жуда катта салоҳиятимиз мавжуд. Ҳозир шунга қараб қувватни ошириб бораяпмиз. Тез орада жаҳон бозорида ҳам янада фаоллашамиз.

Шунингдек, пресс-тур давомида ОАВ вакиллари корхонанинг автоном электр-энергия манбалари, ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, салоҳиятли кадрлар резервини яратиш йўлида олиб борилаётган ишлари билан яқиндан танишдилар.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер