Черногорияда 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Жаҳон чемпионати бошланди

13:07 26 Февраль 2025 Спорт
702 0

Черногорияда 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Жаҳон чемпионати бошланди. Ўзбекистон терма жамоасидан 11 нафар шахматчи иштирок этмоқда

Черногориянинг Петровас шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Жаҳон чемпионати старт олди. Стандарт йўналишда ўтадиган мусобақа 11 турдан иборат бўлиб, иштирокчиларга партия давомида 90 дақиқа вақт ва ҳар бир юришдан сўнг 30 сония қўшимча вақт берилади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасидан 11 нафар шахматчи иштирок этмоқда.

Ўғил болалар ўртасидаги 1-турда гроссмейстер Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда ўйнаганига қарамай, рейтингда ўзидан пастда турувчи ҳиндистонлик Ведант Нагаркатт билан дурангга имзо чекди. Муҳаммадзоҳид Суяров эса қора доналарда испаниялик Роберто Флоринни мағлубиятга учратди. Шунингдек, Асроржон Омонов ва Миразиз Матёқубов ҳам мусобақани ғалаба билан бошлашди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муваффақиятли старт олди. Ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова қора доналарда сербиялик Ирина Вуятовични мағлуб этди. Гулдона Каримова черногориялик Матея Попович устидан ғалабага эришди, Умида Омонова эса молдовалик Ана Петрисенкони енгди.

Маълумот учун, ушбу жаҳон чемпионати ғолиблари гроссмейстер унвонини қўлга киритади. Ўзбекистонлик шахматчиларнинг мусобақадаги иштироклари мамлакатимизда шахмат ривожи ва ёш авлоднинг халқаро майдондаги муваффақиятлари учун муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?