“Челси”да навбатдаги ғалаба, “Ливерпуль”да эса инқироз давом этмоқда
Кеча, 22 ноябрь куни Англия Премьер-лигасида 12-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасидаги муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
“Челси”дан навбатдаги ғалаба
Англия клубларида сўнгги йилларда барқарорлик бўйича жиддий муаммолар бор. Барқарорлик ҳақида гап кетса, биринчи ўринда Лондоннинг “Челси” жамоаси кўпчиликнинг ёдига келади. “Аристократлар” бир қарайсан — ПСЖ каби клубни мағлуб этиб, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлади, яна бир баҳсда эса Озарбайжон чемпионати вакили билан дуранг ўйнайди.
Аммо “Челси”нинг сўнгги ўйинларида натижалар бир маромга туша бошлади. Жамоа “Бёрнли“га қарши ўйингача 4 та учрашувлик мағлубиятсиз серия қайд этганди. Бу ўйинда ҳам ушбу анъана давом этди.
Ўйин олдидан меҳмонлар сафида жиддий йўқотишлар мавжуд эди. Дарио Эссуго, Леви Колвил, Ромео Лавия ва Коул Палмер каби футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олишмади.
Энцо Мареска уларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдирди. Ҳисоб 37-дақиқада очилди. Жейми Гиттенснинг узатмасидан сўнг, Педро Нету ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам “Челси” тўлиқ устунликка эга бўлди. 88-дақиқада ҳисоб 2:0 кўринишини олди. Марс Гиюнинг узатмасидан сўнг, Энцо Фернандес ўз номини таблога ёздирди. Шу тариқа ўйин 2:0 ҳисобида “аристократлар” ғалабаси билан якунланди.
“Бёрнли” — “Челси” 0:2
Голлар: Нету 37, Фернандес 88.
“Бёрнли”: Дубравка, Уокер, Тшауна (Ларсен, 76), Туанзебе, Эстеве, Хартман, Флорентино (Лоран, 84), Каллен, Угокуху (Межбри, 72), Энтони (Фостер, 72), Флемминг (Броя, 72).
“Челси”: Санчес, Жеймс (Бадиашил, 46), Чалоба, Кукурелья, Нету, Фернандес, Жоао Педро (Гию, 76), Андрей Сантос, Тосин, Делап (Густо, 67), Гиттенс.
“Ливерпуль”дан навбатдаги мағлубият
Бу ҳақида гап кетаркан, “Ливерпуль”да инқироз давом этади, деган жумла билан бошлаш мақсадга мувофиқ. “Мерсисайдликлар” сентябрь ва октябрь ойларида қатор оғир мағлубиятларни қабул қилиб олишди.
Аммо ноябрь ойи Арне Слот жамоаси учун омадли бошланди. Дастлаб АПЛ доирасида “Астон Вилла” 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ордан 3 кун ўтиб, Европа Чемпионлар лигасида “Реал Мадрид” 1:0 ҳисобида таслим этилди. Бу натижалардан кейин жамоада вазият барқарорлашгандек эди.
Бироқ ФИФА кунларидан олдин “мерсисайдликлар” Эрлинг Ҳоланд бошчилигидаги “Манчестер Сити”дан 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу тасодифдек кўринганди, аммо ФИФА кунларидан кейинги учрашувда ҳам “Ливерпуль” йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.
Бу гал жамоа ўзига анча қуйида жойлашган — турнир жадвалида 16-ўринда турган “Ноттингҳэм Форест”ни қабул қилди. Ҳисоб 33-дақиқада Мурилё томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг бошланиши биланоқ ҳисоб 2:0 бўлди. Неко Уилямснинг узатмасидан сўнг, Никола Савона гол киритди. 78-дақиқада Морган Гиббс-Уайт ўйиндаги сўнгги тўпни киритди.
Шу тариқа “Ноттингҳэм Форест” “Энфилд”дан йирик ғалаба билан қайтди. Арне Слотнинг эса истеъфоси яқинлашаётгани кўриняпти.
“Ливерпуль” – “Ноттингҳэм Форест” 0:3
Голлар: Мурилё 33, Савона 46, Гиббс-Уайт 79.
“Ливерпуль”: Алиссон, Ван Дейк, Конате (Экитике, 55), Керкез (Робертсон, 68), Собослаи, Макаллистер, Жонс (Нгуома, 78), Гакпо, Гравенберҳ, Исак (Киеза, 68), Салоҳ.
“Ноттингҳэм Форест”: Селс, Уилямс, Мурилё, Сангаре, Андерсон, Гиббс-Уайт, Ндой, Домингес (Хатчинсон, 61), Жезус, Миленкович, Савона.
“Манчестер Сити”да яна мағлубият
Тур доирасидан ўрин олган яна бир ўйин Ньюкасл шаҳрида бўлиб ўтди. Унда шу ном билан аталувчи клуб ўз майдонида “Манчестер Сити“ни қабул қилди.
“Шаҳарликлар”нинг деярли ҳамма футболчиси ФИФА кунларида тингани йўқ. Шу сабаб бўлса керак, жамоа футболчиларида толиқиш аломатлари яққол кўринди. Айниқса, биринчи бўлимда.
Ўйин олдидан “манчестерликлар” таркибида фақатгина 2 та йўқотиш бўлиб, Родри ва Ковачич жароҳати туфайли майдонга туша олишмади.
Мезбонлар таркибида эса йўқотишлар талайгина эди. Шу куни Эдди Ҳав бошчилигидаги жамоага Гордон, Осулa, Бёрн, Висса, Эшбу каби футболчилар ёрдам бера олишмади.
Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Таймда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимнинг 63-дақиқасида “Ньюкасл” жамоаси баҳсда ҳисобни очди. Брунонинг узатмасидан сўнг Харви Барнс ўз номини таблога ёздириб қўйди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Рубен Диаш ҳисобни тенглаштирди.
70-дақиқада Хавьер Барнс жамоасига ғалаба келтирган голни киритди. Якуний ҳисоб — 2:1 мезбонлар фойдасига.
“Ньюкасл” – “Манчестер Сити” 2:1
Голлар: Барнс 63, 70 – Диаш 68
“Ньюкасл”: Поуп, Ҳалл (Ботман, 77), Шер, Барнс (Эланга, 85), Тиав, Ливраменто, Жоэлинтон, Мерфи, Гимараэс, Волтемаде (Уиллок, 85).
“Манчестер Сити”: Доннарумма, Нунес, Диаш, Гвардиол, Силва (Рейндерс, 77), Нико, ОʼРайли, Шерки (Бобб, 77), Доку (Савинио, 76), Фоден (Мармуш, 87), Ҳоланд.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг