Бюджет тақчиллигини молиялаштиришга ҳеч ким бизга кредит бермаган — Жамшид Қўчқоров
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров аввалги маъмурият даврида давлат бюджети профицит билан ижро қилиб келинганига изоҳ берди. Вазир бу ҳақда бугун, 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги чиқишида сўз очди.
«Агар тарихни кўтариб кўрсангиз, бизда кўп йиллар давомида профицит бўлган. У зўрмиди, деган саволга шу соҳада ишлаб келаётган одам сифатида йўқ деб жавоб беришга мажбурман. Чунки ўша пайтда профицит бўлганининг сабаби шуки, бюджет тақчиллигини молиялаштиришга ҳеч ким бизга кредит бермаган. Мен буни расмий айтишим мумкин: ҳеч ким», дейди Жамшид Қўчқоров.
Иқтисодиёт ва молия вазири бюджет тақчиллигини молиялаштиришга кредит берилмагани ҳақида гапирар экан, бунга бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўша даврда бўлмаганини қайд этди.
«Ислоҳотлар йўқ эди, сўм эркин конвертация қилинмасди, солиқ сиёсати... Умуман, охирги 8 йилда нималар қилинган бўлса, шулар йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким бизга бюджет тақчиллигини молиялаштиришга кредит бермасди», деди Бош вазир ўринбосари.
Мажлисда бюджет лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Хусусан, депутат Сайдулла Неъматов Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш баробарида бюджет дефицити ҳам ошиб бориши кузатилаётганини, хусусан, бу йил 51 миллиард, кейинги йил 59 миллиард, ундан кейинги йил 70 миллиарддан кўпроқ дефицит прогноз қилинаётганини айтди.
Қўчқоров «Тақчиллик доимий бўлавериши керакми?» деган саволга қуйидагича жавоб берди:
«Тақчилликнинг катталиги яхши эмас. Халқаро валюта жамғармасининг фикри ҳам шундай. 3 фоиз дефицит ҳам назария ҳам мамлакатларнинг амалиёти. Бу давлат қарзининг мўътадил ошишини таъмирлайди, шу билан бирга дефолт, банкрот деган ҳолатларга келишга йўл қўймайди. Умуман олганда, тақчиллик ҳақидаги берилган савол жуда ҳам ўринли.
Қачонки мамлакатда иқтисодий ўсиш бўлаётган бўлса, тақчиллик ўз вазифасини бажаряпти деб ҳисоблаш мумкин. Тақчиллик дегани қўшимча пул олиб иқтисодиётни рағбатлантириш. Қарз олсакда, иқтисодиёт ўсмаса, бу нотўғри», деди у.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг