“Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали якунланди

12:23 03 Октябр 2025 Жамият
188 0

Марғилон шаҳрида ўтказилган “Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали дунё халқларининг дўстлик, ҳамжиҳатлик айёми сифатида кенг нишонланди.

Ранг-баранг тадбирлар доирасида мамлакатимиз ҳудудлари, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондан 70 нафарга яқин санъат намояндалари, мақом ижодий жамоалари, ҳунармандлар, мумтоз санъат ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари фаол қатнашди.

Эрта тонгда Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғи ҳамюртларимиз, санъат ва маданият аҳли, сайёҳлар билан гавжум бўлди. Фестиваль доирасида миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилиб, мақом чиқишлари ҳамда аския сайли ўтказилди.

— Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрида намойиш этилган “Икки қалб ноласи” спектакли менда унутилмас таассуротлар қолдирди, — дейди туркиялик Нилгун Қизилчи. — Боиси Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” достонидаги “Робия ва Бектош” қиссаси асосида Хўжамберди Эгамбердиев режиссёрлигида саҳналаштирилган театр томошасида юксак инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган.

Ўз навбатида, саҳна безаклари, актёрлар ижроси ва мумтоз наволарнинг ўзаро уйғунлиги таъминланган. Ижодий жамоанинг бу муваффақияти олқишга сазовор.

Шунингдек, фарғоналик хушовоз хонанда Отабек Муҳаммадзоҳиднинг концерт дастури фестиваль меҳмонларига жуда манзур бўлди. Ҳунармандлар марказида дизайнерлар иштирокида модалар намойиши уюштирилди. Унда миллий ва замонавий услубдаги либослар, ҳунармандларнинг кўҳна маданият ҳамда янги давр талабига монанд равишда тайёрланган маҳсулотлари тақдим этилди.

— Бу борадаги миллий қадрият ва анъаналаримиз бир-бирига жуда ўхшайди, — дейди Озарбайжондан ташриф буюрган таниқли санъаткор Айдан Сулаймонзода. — Шу сабабли туркий тилларда куйланаётган қадрдон куй-қўшиқларни ҳеч бир қийинчиликсиз тушунамиз. Кийим-кечак, ҳунармандчилик соҳасидаги қадриятларимиз ҳам деярли фарқ қилмайди.

Эшпўлат Ортиқов фестивалда иштирок этиш учун Бухородан келди. Қардош юртлардан ташриф буюрган санъаткорлар ижросидаги мақом қўшиқлари оҳанги, сеҳри унга янги илҳом манбаи бўлди. Асрлар мобайнида сайқалланиб, авлоддан-авлодга безавол ўтиб келаётган анъаналар бардавом эканлигига яна бир ишонч ҳосил қилди.

— Азалдан асл санъаткорлар маскани бўлган Марғилондаги Ижодкорлар боғида устоз ижодкорларимиз учун ажойиб хиёбон барпо этилибди, — дейди у. — Бу халқимизнинг улуғ санъаткорларига бўлган ҳурмат ва эҳтироми рамзидир.

Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказиб турилиши эса янги авлодда мумтоз санъат дурдоналарини авайлаб-асраш, давом эттиришга бўлган қизиқишни янада кучайтиради.

Тантанали ёпилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фестиваль қатнашчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг ҳар бир иштирокчининг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                          

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?