Буюк Британия Ғазога ҳаводан гуманитар ёрдам юборади

16:02 27 Июль 2025 Дунё
172 0

Буюк Британия Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш ва болаларни эвакуация қилиш бўйича халқаро дастурларда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефон орқали суҳбатда маълум қилган.

Маълум бўлишича, уч етакчи Ғазодаги вазиятни муҳокама қилган ва у ердаги вазиятни даҳшатли деб баҳолаган. Улар зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, Исроил томонидан гуманитар ёрдам етказилишига қўйилган барча чекловларни бекор қилиш ҳамда сектордаги жабрланган аҳолига зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган.

Бош вазир, шунингдек, Буюк Британия Иордания билан бирга ҳудудга ҳаводан гуманитар ёрдам ташлаш ва тиббий ёрдамга муҳтож болаларни эвакуация қилиш устида ишланаётгани ҳақида сўзлаб берган. Бироқ режанинг тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.

Бундан ташқари, суҳбат чоғида Украинадаги вазиятни муҳокама қилиб, Россияни сулҳ музокараларига жалб қилиш мақсадида унга босимни давом эттиришга келишиб олинган.

Муҳокамалар давомида Стармер, Макрон ва Мерц Эроннинг ядровий дастури масаласини ҳам кўриб чиққан. Уларнинг умумий фикрга кўра, агар Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлик қилмаса ва дипломатик музокараларга қайтмаса, август ойи охирига бориб мамлакатга нисбатан санкциялар тикланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?