Бухорода замонавий зоопарк очиладими?
Фото: «Халқ сўзи»
Бухоро шаҳар марказий маданият ва истироҳат боғида сайр қилаётган хорижлик талабанинг кўзи “Зоопарк” деган ёзувга тушди. Унда беихтиёр зоопаркни ҳам томоша қилиш фикри туғилди.
– Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил оламан,– дейди ўзини Ҳамза дея таништирган покистонлик бу талаба. – Сабоқдошларим Фезан ва Раҳима билан зоопаркдаги ноёб ҳайвонлару қушларни кўриб, ўзимизни ёввойи табиат қўйнида юргандек ҳис этдик. Жуда ажойиб. Бу ерга, албатта, тез-тез келиб туриш керак.
Бу сўзларни эшитган аксарият бухороликлар “Наҳотки,бизда шундай зоопарк бор?”, дея ажабланишлари мумкин. Ҳа, зоопарк бор. Фақат...

– Шу ерда, мана, саккиз йилдирки фаолият олиб боряпмиз,– дейди табиат жонкуярларидан бири Ҳикмат Ҳамидов. – Кўриб турганингиздек, зоопаркимиз дам олиш боғининг чеккаси, марказий деҳқон бозори ёнидаги 70 сотих ерда жойлашган. 20 турдаги ҳайвон ва қушларни парвариш қиламиз.
Бу мўъжаз зоопаркда жуда ноёб жониворларни кўриш мумкин. Тибет қўтоси, шер, денгиз чўчқаси, айиқ, енот шулар жумласидан. Бўри, тулки, шоқол, маймун, бургут, Покистон эчкиси ва ҳатто бир пайтлар Бухорои шариф осмони узра эмин-эркин парвоз қилиб юрган лайлакларнинг аждодини ҳам учратасиз.

– Бу ҳайвону қушларни парваришлашнинг ўзи бўлмайди, шундай эмасми?,– дея юзланамиз Ҳикмат акага.
– Албатта,– дейди у. – Мана бу бир жуфт шерни олиб кўринг. Уч ёшли эркаги кунига 15 килограммгача гўшт ейди. Лекин бизни бундан ҳам кўпроқ ўйлантираётган масала бор. Зоопаркни замонавий лойиҳа асосида барпо этиш керак. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, уни рўёбга чиқариш учун 2 миллиард 200 миллион сўм сарфланади. Аммо лойиҳани амалга ошириш учун, аввало, шу 70 сотих ерни ҳужжатлаштириб олишимиз керак. Вилоятимизнинг аввалги раҳбари, раҳматли Ўктам Барноев зоопаркимизни кўздан кечириб, шу масалада ёрдам беришини айтганди. Аммо пандемия бошланди-ю, ҳаммаси алғов-далғов бўлиб кетди. Ваҳоланки, Бухорога замонавий зоопарк керак.

Бу фикрда жон бор, албатта. Бухоро шаҳри ва вилоят туманларидаги неча юз минглаб болаларнинг қай бири ноёб ҳайвонлару қушларни яқиндан кўришни истамайди, дейсиз?! Бу фарзандларимизнинг она – табиатга бўлган меҳр-муҳаббатларини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, 600-700 километр йўл босиб, пойтахтдаги зоопаркни кўргани боришга ҳамманинг ҳам имконияти етмайди. Шундай экан, вилоят ва шаҳар мутасаддилари, депутатларимиз Ҳикмат акага ўхшаган фидойи инсонларга ёрдам қўлини чўзишса зиён қилмас эди.
Бу ҳақида алоҳида тўхталишимизнинг боиси бор. Айни пайтда Бухоро вилоятидаги энг йирик дам олиш маскани саналган марказий истироҳат боғи қаровсиз аҳволга келган. Яйдоқ далани эслатувчи экин ерларини кўриб, “Қарасанг боғман, қарамасанг – доғ” деган нақл ёдга келади. Зоопарк ёнида жойлашган боғ ва марказий деҳқон бозорининг чиқиндихонасидан ёзда шунақа бадбўй ҳид тараладики, асло чидаб бўлмайди. Ваҳоланки, ундан нари борса 50 – 60 метр нарида сайёҳлик манзили – Бухоронинг қадимий девори қолдиқлари, чамаси 200 – 300 метр нарида эса дунёнинг энг нодир ёдгорликларидан бири Исмоил Сомоний мақбараси жойлашган.
Буёғига хулоса ясаш ўзингизга ҳавола.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг