Бухорода туркологларнинг халқаро анжумани бўлиб ўтмоқда

16:37 30 Апрель 2025 Жамият
320 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасида «Глобал интеграция шароитида туркий тиллар тараққиёти: муаммо ва вазифалар» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Туркиянинг Турк тили жамияти, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир иштирокчилари қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикасидан келган таниқли туркологлар, тилшунос олимлар, тадқиқотчиларни кўриш мумкин.

— Асримиз бошида қатор туркий адабий тиллар жадал ривожлана бошлади, — дейди Давлат тилида иш юритиш асосларини қуриш ва малака ошириш маркази Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Муродқосим Абдиев. — Шу сабабли тилларда, хусусан, уларнинг лексикасида фан ва техника, иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий соҳаларга оид кўплаб янгиликлар пайдо бўлди. Буларнинг барчаси махсус терминларни юзага келтирди. Шунинг учун туркий адабий тилларнинг ҳозирги терминологияси муаммоларини ишлаб чиқиш ҳамда уларга илмий ва ижтимоий нуқтаи назардан баҳо бериш катта аҳамият касб этмоқда. Анжуманда туркологлар шу каби кенг қамровли масалалар юзасидан маърузалар қилишяпти.

Дарҳақиқат, ушбу анжумандан кўзланган мақсад бугунги глобаллашув жараёнида туркий тиллар ривожидаги муаммоларни аниқлаш, уларни ўзаро ҳамкорликда бартараф этишнинг ечимларини ишлаб чиқиш, бу борадаги вазифаларни белгилаб олишдан иборатдир. Туркий халқлар тарихи, этнографияси, адабий тили, алифбоси ва имлоси каби масалалар муҳокамадан ўтказиладиган бу каби анжуманлар туркий тилли давлатларнинг маънавий-маърифий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер