Бухорода олий ўқув юртига кириш учун тест синовлари бошланди

Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Хушвақт Атаевани 1 август куни эрталаб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлими биносида учратиб қолдик.
— Бир умр ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулландим,— дейди у.— Ўқимишли, билимли шогирдларимнинг олий маълумот эгаси бўлиб, ҳаётдан ўз ўринларини топиб кетишгани, эл-юрт назарига тушишганига оид кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Тажрибамдан келиб чиқиб, фарзандларимни ҳам ўқитдим. Етти нафар неварам бор. Тўнғич невараларим Мафтуна ва Маржона ҳам изимиздан бориш ниятида. Бири олий ўқув юртида таҳсил олиб, ҳуқуқшунос бўлмоқчи, иккинчиси эса тиббиёт институтида ўқиш мақсадини ўз олдига қўйган. Бугун Мафтуна тест синовларини топширяпти. Жуда ҳаяжондаман. Тест синовлари шаффоф ўтаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Биз, ота-оналар учун бу замонавий бинода махсус жой ҳозирланган. Шу ерда туриб монитор орқали тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боряпмиз.
Хушвақт опанинг агентлик вилоят бўлими биносини замонавий деганича бор. Бундан чамаси тўрт йилча муқаддам вилоят марказида бир сменада 1100 нафар абитуриентни синовдан ўтказиш имкониятига эга замонавий мажмуа қурилиб фойдаланишга топширилган эди. Мажмуа абитуриентларни текшириб киритишга мўлжалланган бино, 1100 ўринли павильон, тиббиёт хонаси, 48 ўринли ошхона, 6 та компьютер синф хонаси, 2 та дам олиш ҳамда бўлим ходимлари хоналаридан иборат. Бино ичида 28 та стационар кузатув камераси, шахсни идентификация қилиш камераси ўрнатилган. Видеокузатув хонасидаги йирик экранли телеэкранлар тест синовлари жараёнини узлуксиз кузатиб бориш имконини беради. Мажмуада 600 ўринга мўлжалланган ота-оналар кутиш жойи ҳам барпо этилган.
— Кўриб турганингиздек, давлат тест синовларининг шаффоф, мавжуд талаблар асосида ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг масъул ходими Жавлонбек Нурматов. — Қулайликлар ҳақида кўп тўхталиш мумкин. Масалан, абитуриент шу ернинг ўзида туриб, республиканинг исталган ҳудудидаги олий ўқув юртига кириш учун тест синовларини топшириши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, давлат олий ўқув юртларида таҳсил олиш ниятида бўлган 49 минг нафардан зиёд бухоролик абитуриент тест синовларидан ўтади.
Айтиш жоизки, вилоятдаги давлат олий ўқув юртларида таълим олиш тобора нуфузли бўлиб бормоқда. Бу мазкур билим даргоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани, қолаверса, таълим сифати ошаётгани билан боғлиқ. Шу ўринда бир мисол. Жорий йилда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг замонавий мажмуа барпо этилиб фойдаланишга топширилди. Мажмуа олти қаватли ўқув ҳамда тўрт қаватли ётоқхона, симуляция маркази, поликлиника, спорт зали, ошхона ва бошқа иншоотлардан иборат. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган симуляция марказининг ўзига 11 миллиард сўм маблағ сарфлангани ҳам кўп нарсани англатади, албатта. Умуман, ушбу йирик лойиҳани рўёбга чиқариш учун салкам 220 миллиард сўм маблағ сарфланди. Айни дамда бу ерда саккиз минг нафардан зиёд талаба замонавий тиббиёт сир-асрорларини ўрганмоқда.
Бухорода ўтаётган давлат тест синовларига келсак, улар икки сменада 12 кун давом этиши кутиляпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг