Бухорода илк бор фаолияти йўлга қўйилган инновацион боғча қай жиҳати билан эътиборга молик?
Бухоро шаҳрида «RobotsAndKids» деб номланган илк инновацион болалар боғчаси иш бошлади. Ўз билим ва тажрибасини ёшлар билан баҳам кўриб келаётган фидойи юртдошларимиздан бири Наврўз Эргашев шу лойиҳа ташаббускори бўлди.
— Шу инсон саъй-ҳаракати билан 2019 йилда вилоятимизда биринчи роботехника ўқув маркази ташкил этилиб, минтақамизда замонавий технологиялар асосида таълим беришнинг янги босқичи бошланган эди, — дейди Инновацион ривожланиш агентлиги вилоят бўлинмаси бош мутахассиси Икром Муродов. — Марказда болажонлар учун уч ёшдан бошлаб «Кичкина донолар» номли махсус курс очилди. Кузатишлар кўрсатдики, унда қатнашган болаларимизнинг мантиқий фикрлаш имконияти, ўқиш ва ёзиш қобилияти, билим олишга иштиёқи сезиларли даражада ошди. Айнан шу тажриба мамлакатимизда илк бор роботехникага асосланган инновацион болалар боғчасини ташкил этишда қўл келди.
Мазкур муассаса 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, 20 та иш ўрни яратилган. Болажонларга уч ёшдан бошлаб 11 та фан бўйича таълим берилади. Бунда муаллифлик асосида ишлаб чиқилган замонавий методикадан фойдаланилади. Жажжи ўғил-қизлар ўқиш ва ёзиш, танқидий ва мантиқий фикрлаш, роботехника ва муҳандисликнинг бошланғич асослари, архитектура ва дизайн, гимнастика ва жисмоний ривожланиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар. Ҳар бир боланинг руҳий ҳолати ва индивидуал ривожи малакали психологлар эътиборида туради. Асосий мақсад эса келажак муҳандислари, ихтирочилари, лидерларини мактабгача ёшдан бошлаб тарбиялашдан иборат.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг