Бугун Ғафур Ғулом таваллуд топганига 120 йил тўлди

18:57 10 Май 2023 Маданият
831 0

Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг шеърияти ва насрида ўзбек халқи тарихининг, ижодкор яшаган даврнинг бадиий тимсоли ўз аксини топган. Таъкидлаш жоизки, шоирнинг ижоди ранг-баранг — шеърлар, қўшиқлар, достонлар, қасидалар, ҳикоялар, қиссалар шулар жумласидандир.

Ижодкорнинг ҳар бир асари бугунги кунда ўзбек халқининг энг катта маънавий хазинаси десак янглишмаймиз.

Дарҳақиқат, Ғафур Ғуломнинг урушдан кейинги даврдаги ижоди ўзбек адабиётида беқиёс ўрин тутгани ҳеч кимга сир эмас. Қуйидаги “Сен етим эмассан” шеърининг ўзи ҳам бунга яққол мисолдир.

СEН ЕТИМ ЭМАССАН

(Иккинчи жаҳон урушининг ота-онасиз қолган гўдакларга)

Сен етим эмассан,

Тинчлан, жигарим.

Қуёшдай меҳрибон

Ватанинг-онанг,

Заминдай вазмину

Меҳнаткаш, мушфиқ

Истаган нарсангни тайёрлагувчи

Халқ бор – отанг бор.

Чўчима, жигарим,

Ўз уйингдасан,

Бу ерда

На ғурбат, на офат, на ғам.

Бунда бор: ҳарорат, муҳаббат, шафқат

Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам,

Сен етим эмассан,

Ухла, жигарим.

Бу ерда музлаган

Аждар ҳалқумли

Ваҳшат тўпларининг

Қаҳқаҳаси йўқ.

Бу ерда – одамзод

шаклида юрган

лаънати девларнинг

манфур, юқумли, мараз намойиши

тополмас ҳуқуқ.

Улуғ жанг кунидир,

Жангки, беомон,

Лашкар деган ахир

Бехатар бўлмас,

Отанг ўлган бўлса,

Қайғурма, қўзим,

Кўзим усти

Миннатинг бошимга дурра.

Шу соғлом ҳавода

Саломат-омон,

Хўрсинмай, эркинлаб

Ола бера нафас.

Эй, улуғ наслимнинг

Юраги, жони,

Кипригингга илинмас

Йиғидан зарра.

Сен етим эмассан,

Ухла, жигарим.

Етимлик нимадир-

Бизлардан сўра,

Ўнинчи йилларнинг

Саргардонлиги

Иситма аралаш

Қўрқинч тушь каби

Хаёл кўзгусидан

Учмайди сира.

Мен етим ўтганман,

Оҳ, у етимлик…

Вой, бечора жоним,

Десам арзийди.

Бошимни силашга

Бир меҳрибон қўл,

Бир оғиз ширин сўз

Нондек арзанда.

Мен одам эдимку,

Инсон фарзанди…

Сен етим эмассан,

Ухла жигарим.

Кўзимга ўйқунинг

Мудроқ овчиси

Тўрин солмасдан, –

(Биринчи гудокка

Икки соат бор) –

Оталик ҳиссининг

Бебаҳо, лазиз

Тўлқинлар ичра

Ғарқ бўлиб кетиб,

Азиз бошинг устида

Термулмакдаман,

Сен етим эмассан,

Ухла, жигарим.

Нега чўчиб тушдинг,

Мурғак тасаввур,

Гўдак хаёлингга

Нималар келди?

Балки Одесс даҳшати,

Керч фожиаси,

Ёввойи махлуқлар,

Қонхўр ваҳшийлар…

Маммаси кесилган

Шўрлик онангнинг

Пажмурда гавдаси

Кўзинг ўнгида

Бутун даҳшати-ла

Акс этар энди.

Онанг хўрландими,

Отанг ўлдими,

Сен етим қолдингми,

Қайғурма, қўзим,

Кўзим усти,

Миннатинг бошимга дурра.

Ота-онасининг

Тайини ҳам юқ,

Сут кўр қилгур, ҳароми

Гитлер оқпадар

Фарзанднинг қадрини

Қаердан билсин?

Бир қўнғиз мўйловли,

Бароқ соч малъун,

Жигар ранг бир мундир

Истаги учун,

Наҳотки еримиз

Чаппа айланиб,

Наҳотки дарёлар

Оқар тескари,

Наҳотки одамлар

Кезар дарбадар?!

Ахир, жуда яқин

Қонли интиқом,

Алҳазар, алҳазар,

Кўпирар томирларда қон,

Ва портлар ҳадемай

Бу ўтли вулқон.

Сен етим эмассан,

Ухла, жигарим.

Сен кулаётибсан,

Балки бу кулги

Сўнгги ойлар ичра

биринчи чечак.

Лаъли лабингдаги

Ғунча табассум

Албат толеингга

Муҳр бўлади

Ва бунда акс этар

Порлоқ келажак.

Тонг яқин, тонг яқин,

оппоқ тонг яқин.

Бир нафас ором ол,

Ухла, жигарим.

Оқ ойдин тонг олди,

Ухламоқдасен.

Лабларинг шивирлар,

Изламокдалар

Балки бир эркалаш,

Бир она бўса,

Улуғ оиланинг

гўдак фарзанди,

билиб қўй энди:

Сен тезда улғайиб,

Олам кезасан.

Манглайда порлаган

Толеинг – қуёш,

Бутун ер юзини

Қилур мунаввар.

Ҳақорат емрилур,

Зулм янчилур,

Жаҳонда бўлурмиз

Озод, музаффар.

Сен етим эмассан,

Менинг Жигарим!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер