Бу кутубхонами ёхуд бизнес марказ?

19:02 24 Февраль 2021 Маданият
3280 0

Наманганда очилган «Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани»ни илк бор кўрган кишида ана шундай савол туғилади

Наманганга шу ойнинг 18 кунида тонгга етар-етмай кириб бордик. Водий довонидаги ўйлар ҳақида тўхталсам, унинг ўзи алоҳида катта бир битик. Китобларимиз тақдимотини ўтказиш ва Давлатобод туманидаги янги зиё маскани очилишида чиқиш вазифаси юклатилган тўрт шоир Наманганда биринчи бор келишимиз эди.

Қайси вилоятга борсангиз гўё ўша ерда яшаб ўтган буюклар руҳи сизни кузатиб тургандек туюлади. Йўл бўйи Машрабдан шеър ўқидик. Ўзим эса «Наманганга номалар» туркумини ниҳоясига етказдим.

Наманганда қоялар – телба,
Наманганда тошлар ҳам дарвеш...

Биздан қоладиган ягона нарса – Сўздир. Шунинг учун ҳам ақалли борган жойларимиз ҳақида битта бўлсада шеър ёзсак, менимча қачондир, кимгадир фойдаси тегади.

Эртасига эрталаб туман марказидаги «Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани» очилишига йўл олдик. Уловдан тушишимиз билан ҳали пешонасига номи ёзилмаган бир бинога кўзимиз тушди. Наманганлик оғамдан сўрадим: – Қани кутубхона, бу қанақа жой дедим, – ҳалиги бинога имлаб. Ичимдан эса «Бирор-бир бизнес маркази бўлса керак» деган ўй кечарди. Оҳиста жилмайган алфозда «Бу – ўша кутубхона» деб жавоб қайтарди бошига дўппини илдириб олган оға.

Ростдан ҳам ажойиб, кўрган кўз қувнайди. Менимча, бундай ўй бир менинг ичимдан ўтмаган бўлса керак. Амин бўлганимиздек бу кутубхона халқ учун – катта омонат, фақат энди ундан унумли фойдаланиш, ўқиш-ўрганишга киришиш ва албатта, келажак учун янада бойитилган ҳолда мерос қолдириш ҳаммамизга бурч бўлмоғи лозим. Бироздан сўнг бино пешонаси ярқиради: «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани». Кутубхона ичкарисига кириб борар эканмиз, «Шундай кутубхона ҳам бўлар экан-да», дердик бир-биримизга қараб. Ўзбек ва жаҳон адабиётидан тортиб тарихий китобларгача, шахмат ўйинидан тортиб IT парккача бор кутубхонада. Маскан илмнинг салмоғига яраша кутубхона экани бизни хушнуд қилди.

Эндиликда ёшларнинг бунга жавоби нима бўлмоғи керак?

Албатта, ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш. Миллат фарзандлари юртни жаҳонга танитади, юртни жаҳонга танитиш учун билимли болалар керак, болалар билимли бўлиши учун эса китоб керак, кутубхона керак. Маросим сўнггида кутубхонага ўз китобларимиздан қолдирдик.

Ўз китобимни шундай имзоладим «Шам ёруғида китоб ўқиб, илм ўрганиб, илҳомланиб, ўзимнинг шу кичкина китобимни ёзганман. Ишонаманки, бундай шароитга эга кутубхонада китоб мутолаа қилган болаларнинг хизматлари бизникидан минг чандон ортиқ бўлади. 18 февраль, 2021 йил.»

Раҳматжон БОБОЖОНОВ,
«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби, ижодкор, таржимон.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?