БМТ махсус вакили Каха Имнадзе Наманганга ташриф буюрди

20:15 19 Сентябр 2025 Сиёсат
155 0

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (UNRCCA) раҳбари Каха Имнадзе Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф 17–18 сентябрь кунлари Наманганда бўлиб ўтган III Халқаро «Камбағалликдан фаровонлик сари» форуми доирасида ташкил этилди.

Каха Имнадзе ФАО ва БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган қўшма лойиҳа – «Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида ҳамкорлик орқали умумий фаровонлик» иштирокчилари билан учрашди. У уй хўжаликлари – бенефициарлар фаолияти билан танишиб, лойиҳа доирасида эришилган натижаларни ўрганди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органлари, жамоалар ва фуқаролик жамияти ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, аёллар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда. Лойиҳа иштирокчилари илғор қишлоқ хўжалиги амалиётларининг жорий этилиши, турмуш шароитларининг яхшиланиши ва қўшни ҳудудларда ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганини алоҳида қайд этдилар.

«Бутун Марказий Осиё бўйлаб кўриб турибмизки, мамлакат ичидаги ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик инсонлар ва жамоалар ҳаётида аниқ ютуқларга олиб келиши мумкин», — деди Каха Имнадзе.

Ташриф ФАО Ўзбекистон ваколатхонаси томонидан UNRCCA, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори идораси ва маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда бошқа БМТ агентликлари вакиллари ҳам қатнашдилар.

Мазкур ташриф БМТнинг Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда тинчлик, ҳамкорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги умумий садоқатини яна бир бор тасдиқлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер