Биз сизни соғиндик баҳор сингари

18:40 28 Февраль 2023 Маданият
731 0

Фото: Архив сурат

Зулфия опани эслаб

«… Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим…»

Зулфия.

1.

Опажон, ардоқлим, дўстим, устозим,

Сиз яшаган умр биз учун зиё.

Кўзимиз нурланиб, кўксимиз тошиб,

Сиз яшаган умр биз учун дарё.

Сиз оғир тақдирга ачинмадингиз,

Азоб, уқубатли бетин меҳнатга.

Сиз ўтган йўлдан биз куч, илҳом олиб,

Ўргандик сабрга ва машаққатга.

Опажон, мен Сизни шундай атадим,

Кулиб турардингиз Опажон десам.

Сизни устоз тутган қизлар саноқсиз,

Бари бағрингизда сиғдирдингиз жам.

Сиз ачинмадингиз ўтган йилларга,

Мардона, қалбингиз денгиздай тошди.

Биз орзу-ҳавасла ирмоқдай оқдик,

Умрингиз бизларга илҳом, завқ қўшди.

Эътибор, Гулчеҳра, Ойдин, Ҳалима,

Дилбар, Қутлибека, Раъно гулчечак.

Кўнглингиз тўларди бизларга қараб,

Менга ихлосингиз сезарди юрак.

Сиз севган қизларнинг сон-саноғи йўқ,

Ижод гулдастаси тугарди ғунча.

Миллат, халқ бахтидан кўнглимиз тўлиб,

Яшарар эдингиз баҳор келгунча.

Миллат тақдири бор тақдирингизда,

Йўллар бўлди тошли, гоҳи тиконли,

Меҳрибон онадай мардона туриб,

Ардоқлай олдингиз халқни, Ватанни.

Нигоҳлар ёшланса қуёшга қараб,

Қизингиз Ҳулкарда кўрдингиз нурни.

Зулмат оқшомларда термулиб ойга,

Ўғлингиз Омонда юртга ғурурни.

Сиз яшаган умр биз учун иқбол,

Сизни кўп соғиндик Зулфия опа.

Яна баҳор келди, ўриклар гуллаб,

Садоқат, нафосат қилар тантана.

Яна баҳор келди соғинчимизда,

Келди йўллингиздан меҳр билан жон.

Ўрик шохасини шода гул билан.

Сизга тутиб турар Ҳамид Олимжон.

Руҳингиз авайлар нурланган кўзлар,

Тақиб суратингиз тушган нишонни.

Сизни устоз тутган зукко, ҳур қизлар,

Шон билан шаънидир Ўзбекистоннинг.

Ўтган умрингизга ачинмадингиз,

Чунки яратдингиз ойдин иқболни.

Энди шу умрла юрт оналари,

Авайлаб, асрайди ҳур истиқлолни.

Соғиндик опажон, мана баҳор келди,

Руҳингиз иситар салқин тонгларни.

Қумри қушлар каби мунис қалбингиз,

Саболарга сочар гул оҳангларни.

Ўриклар гулида сизни кўрамиз,

Бинафша баргида уради юрак.

Опажон руҳингиз бизга жон берар,

Сиз яшаган умр, ҳур бахтдек дарак.

2.

«Мен ҳеч кимдан олмадим туйғу…»

А.Орипов.

Илҳом, яратганнинг инъоми асли,

Оллоҳ туйғу берган шоиримизга.

Биз эса опажон шундай туйғуни,

Олганмиз сиз ёзган шеърларингиздан.

Балки Тангрим бизни сизнинг илҳомга

Шерик қилиб қўлга қалам бергандир.

Балки сиз яратган ёруғ гулшандан,

Юртимиз қизлари гуллар тергандир.

Балки Сиз ҳам руҳий илҳом, туйғуни,

Бошқа шоирлардан олмагандирсиз,

Нодирабегим ё Увайсий билан

Дардлашиб, бир лаҳза қолмагандирсиз.

Фаришталар қўниб елкангиз узра

Нафис туйғуларга Сизни ўраган.

Шеърий сатрларга жойлашган ҳислар,

Қизларни ҳавасла Сизга йўллаган.

Ҳалимани илк бор қўлидан тутиб,

Шеърият боғига олиб кирдингиз.

Ойдинни энг ойдин йўлларга бошлаб,

Истеъдод, сеҳрини сезиб билдингиз.

Менга оқ йўл тилаб йўлнома ёзиб,

Кўнгил қушларимга бердингиз қанот.

Чексиз қорақалпоқ кенгликларига,

Кўксингизни очиб тилаб ҳур ҳаёт.

Набира, Фотима, Гулчеҳраларни,

Шеърият сирига қилдингиз ошно.

Бугун кўкрагига нишонлар тақиб,

Ўнлаган қиз Сизга қилар илтижо.

Яширмаймиз Сиздан олдик биз туйғу,

Интилдик, яшашга худди Сиз каби.

Опажон, руҳингиз жаннат гулларин,

Ифоридан ором олсин абадий…

Биз Сизни соғиндик баҳор сингари.

Гулистон МАТЁКУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер