Бирорта ҳам бекорчи одам йўқ маҳалланинг боғбон раиси

12:58 19 Декабрь 2025 Жамият
212 0

Яқинда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фарғоналиклар Президентимиз фармони билан орден ва медаллар билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган Учкўприк туманидаги “Зиёвуддин ота орзуси” боғдорчилик фермер хўжалиги асосчиси Камолхон Туробов ҳам борлиги бежиз эмас.

Учкўприкда миришкор боғбон, тиниб-тинчимас маҳалла раиси сифатида танилган Камолхон ака бунинг учун узоқ йўлни босиб ўтган. У фермерлик ҳаракати бошланган илк даврлардаёқ туманнинг деҳқончилик учун ноқулай дашт ерида 2 гектар мевали боғ ташкил этди. Ўшанда кўпчилик бу ерларда боғ бўлишига ишонмаган эди. Ҳозир бу жойлар кенг майдонлар бўйлаб ястаниб ётган яшил чаманзор – мевали боғларга айлангани эътиборга молик.

Айни пайтда ушбу оила тасарруфидаги мевали боғ 10 гектарга етган. Миришкор оила йилнинг тўрт фаслида ҳам боғдорчилик юмушлари билан шуғулланади. Тўрт нафар ўғилларининг барчаси ҳам боғбон, ҳам тадбиркор. Раиснинг тадбиркор ўғиллари маҳаллада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақловчи музлатгичли омборхона барпо этган, лимончилик кооперацияси эса маҳсулотни хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади.

Маҳалладошлари тиниб-тинчимас, ҳамиша янгиликка интилувчи ва кўпчиликнинг дарду ташвиши билан яшашга одатланган бу инсонни “Тожик” МФЙ раислигига сайлаб адашишмади. Натижада лимончилик маҳалланинг асосий драйверига айланиб, ҳар бир оилада ихчам, камхаражат иссиқхоналар бунёд этилди. Бу борада истиқболли микро лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳар бир оила тадбиркор бўлишига эришилди. Бугун маҳаллада бирорта ҳам бекорчи оила ёки одам йўқ.

—Бундан ўн-ўн беш йил олдин ҳудудда саноқли оила лимончилик билан шуғулланарди,—дея хотирлайди Камолхон ака.—Ҳозирги кунда маҳалламизда лимон етиштирувчи хонадонлар сони 800 тадан ошган. Биргина жорий йилнинг ўзида яна 40 та хонадонга иссиқхона қуришга эришилди.

Шу тарзда маҳалладаги аҳоли томорқаларида йилига ўртача 2 минг тонна лимон етиштирилиб, ички ва ташқи бозорга чиқариляпти. Бу йил 1 кг лимоннинг нархи мавсумига қараб 25-30 минг сўм бўлгани инобатга олинса, оилалар даромади яхши эканлиги аён бўлади.

Бугунги кунда маҳаллада 5200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Раис бошчилигида “маҳалла еттилиги”нинг муштарак мақсад йўлида астойдил меҳнат қилаётгани самараси сифатида ушбу маҳалла ишсизликдан ҳоли мақомга эга бўлди. Маҳалла аҳиллиги туфайли “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида икки маротаба ғолибликни қўлга киритиб, 3 миллиард сўм маблағ жалб этилиши эвазига ичимлик суви таъминотини яхшилашди ҳамда ички йўллар асфальт қилинди.

—Ота-боболардан мерос ўгитларда меҳнат қилган одам асло кам бўлмаслиги таъкидланади,—дейди маҳалла раиси.—Бизда каттаю кичик ана шу ҳикматни англаб, ўз ҳаёти, оиласи ва юрти фаровонлиги учун сидқидилдан ишлайди. Жаннатмакон диёримизнинг тупроғи олтин, табиати бебаҳо эканлиги эса барча орзуларимизга қанот бахш этувчи табаррук неъматлардир.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер