Бешариқ туманида қарийб 7 миллион долларлик қуритилган мева экспорт қилинди

15:52 25 Август 2025 Жамият
146 0

Фарғона вилоятининг қўшни Тожикистон билан чегара ҳудудда жойлашган Бешариқ тумани азалдан мевали боғлари билан машҳур. Кейинги йилларда туманда эски ва самарасиз боғлар ўрнида интенсив мевазорлар ташкил этилиб, жаҳон бозорида харидоргир ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажми ортиб бормоқда.

Айни жараёнда табиий, экологик тоза ўрик, олма, беҳи, шафтоли, олхўри, хурмо мевасини қадоқланган ҳолда экспорт қилишга ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Бу каби дастурлар ижроси қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжири яратиш, юқори даромадли янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.

Бешариқ туманининг “Рапқон” МФЙда Жаҳонгир Мадазимов раҳбарлигидаги оилавий корхона бундан икки йил олдин ўз фаолиятини бошлаган эди. Корхонада аҳолидан қуруқ мевалар сотиб олиниб, қайта ишланган ҳолда тайёр маҳсулотлар шаклида қадоқланади. Шу тариқа маҳсулотнинг салмоқли қисми хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Корхонада 20 та доимий иш ўрни яратилган. Шунингдек, кооперация асосида 40 га яқин оила меваларни қадоқлаш ишларига жалб этилган. Бугунги кунда ўрик, майиз ва бошқа турдаги маҳсулотлар қайта ишланиб, корхона бренди остида хориждаги йирик савдо тармоқларига етказиб берилмоқда.

— Истиқболли бизнес-режага кўра, Хитой, Европа давлатларидан замонавий ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва саралаш технологиялари олиб келишни режалаштирганмиз, — дейди тадбиркор Жаҳонгир Мадазимов. —Шу тариқа энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатиш ҳисобига сифатни ошириш ва таннархни камайтириш кўзда тутилган.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Бешариқ туманида мевани қайта ишлаб, қадоқлашга ихтисослашган 11 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 7 миллион долларлик қуритилган мева экспорт қилинишига эришилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?