«Барселона»дан мавсумдаги дастлабки мағлубият, «Манчестер Сити» Францияда дуранг ўйнади

09:57 02 Октябр 2025 Спорт
214 0

Кеча, 1 октябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 2-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Қуйида ушбу баҳслар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз:

Марказий ўйин

2-турнинг марказий баҳсида «Барселона» клуби ўз майдонида ПСЖни қабул қилди. Ўйин олдидан меҳмонларнинг 3 нафар асосий футболчиси Усмон Дембеле, Хвича Кварацхелия ва Маркиньос мазкур баҳсда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Шу боис кўпчилик ушбу ўйинда «Барселона»ни фаворит деб ҳисоблаётганди. Аммо натижа аксинча бўлди.

Каталония клубида ўтган учрашув билан солиштирганда 5 та ўзгариш амалга оширилди. «Реал Сосиедад»га қарши баҳсни асосий таркибда бошлаган Араухо, Кристенсен, Жоао Фернандес, Баргжи ва Левандовски бу сафар захирада қолдирилди. Уларнинг ўрнига Эрик Гарсия, Пау Кубарси, Дани Ольмо, Ферран Торрес ва Ламин Ямал дастлабки дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди.

ПСЖда ҳам ўтган ўйинга нисбатан 5 та ўзгариш кузатилди. Франция чемпионатидаги баҳсни асосий таркибда бошлаган Лукас Бералдо, Лукас Эрнандес, Кан Ин Ли, Гонсало Рамуш ва Хвича Кварацхелия стартда бўлмади. Улар ўрнига Уильям Пачо, Ашраф Ҳакими, Нуну Мендеш, Фабиан Руис ва Брадли Баркола майдонга туширилди.

Учрашувнинг 19-дақиқасида майдон эгалари ҳисобни очишди. Маркус Рэшфорднинг кросс узатмасидан сўнг, Ферран Торрес гол урди.

38-дақиқада «парижликлар» ҳисобни тенглаштиришди. Нуну Мендешнинг узатмасидан сўнг, Сенни Майулу «Барселона» дарвозасини ишғол этди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Ўйиннинг асосий вақтининг сўнгги дақиқасида захирадан майдонга тушган Гонсало Рамуш ПСЖга ғалаба тақдим этди.

«Барселона» — ПСЖ 1:2

Голлар: Торрес (19) — Маюлу (38), Рамуш (90).

«Барселона» — Шчесни, Кубарси, Гарсия (Кристенсен, 86), Мартин (Бальде, 72), Кунде, Педри (Берналь, 79), Де Йонг, Ольмо (Касадо, 72), Рэшфорд (Левандовски, 72), Ямал, Торрес.

ПСЖ — Шевалье, Забарний, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витинья, Заир-Эмери, Руис (Рамуш, 72), Баркола (Ли Кан Ин, 80), Мбайe (Эрнандес, 65), Маюлу (Нджанту, 80).

«Манчестер Сити» дуранг ўйнади

Биринчи турда кутилмаганда Бельгияда 4:1 ҳисобида мағлубиятга учраган «Монако» бу сафар мусобақадаги дастлабки очкосини қўлга киритди. Биринчи ўйинда «Наполи»ни мағлуб этган «Манчестер Сити» эса ушбу баҳснинг сўнгги дақиқасида ғалабани қўлдан бой берди.

«Сити»да ўтган баҳсга нисбатан 3 та ўзгариш амалга оширилди. АПЛ доирасидаги учрашувни асосий таркибда бошлаган Матеус Нуньес, Нико Гонсалес ва Савиньо бу сафар захирада қолдирилди. Уларнинг ўрнига Родри, Жон Стоунз ва Бернардо Силва стартда майдонга тушди.

15-дақиқада «Манчестер Сити» ҳисобни очди. Гвардиолнинг узатмасидан сўнг, Эрлинг Ҳоланд гол киритди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Жордан Тезе ҳисобни тенглаштирди.

Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Эрлинг Ҳоланд дублга эришди. Танаффусга жамоалар 1:2 ҳисобида йўл олди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқасида «Монако» пенальти ишлаб олди. 11 метрлик жарима тўпидан Эрик Даер аниқ зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.

«Монако» — «Манчестер Сити» 2:2

Голлар: Тезе (18), Даер (90) — Ҳоланд (15, 44).

«Монако» — Кен, Керер, Даер, Салису (Иленикена, 82), Вандерсон (Уаттара, 22), Тезе (Кабраль, 82), Кулибали, Диатта, Аклиуш, Фати (Идумбо, 64), Балогун (Бирет, 82).

«Манчестер Сити» — Доннарумма, Стоунз (Нуньес, 72), Диаш, Гвардиол, ОʼРайли, Родри (Гонсалес, 61), Силва, Фоден, Рейндерс, Доку (Савиньо, 61), Ҳоланд.

«Арсенал»дан яна ғалаба

Биринчи турда «Атлетик Бильбао» майдонида ғалаба қозонган «Арсенал» бу гал ҳам зафар қучди. Грециянинг «Олимпиакос» клубига қарши ўйин 2:0 ҳисобида якунланди.

Ўтган ўйинга нисбатан 6 та ўзгариш амалга оширилди. «Ньюкасл»га қарши баҳсни асосий таркибда бошлаган Тимбер, Москера, Калафиори, Райс, Эзе ва Сака бу сафар бошланғич таркибда ўрин олишмади. Уларнинг ўрнини эса Люис-Скелли, Салиба, Уайт, Мартинелли, Мерино ва Эдегор тўлдирди.

Учрашувда ҳисоб 12-дақиқада очилди. Габриэл Мартинелли жамоасини олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Эдегорнинг узатмасидан сўнг, Букаё Сака «Арсенал»нинг иккинчи голини урди.

«Арсенал» — «Олимпиакос» 2:0

Голлар: Мартинелли (12), Сака (90+2).

«Арсенал» — Райя, Уайт (Тимбер, 58), Салиба, Габриэл (Москера, 75), Люис-Скелли, Эдегор, Субименди, Мерино (Райс, 58), Троссард (Сака, 73), Мартинелли (Эзе, 73), Гокереш.

«Олимпиакос» — Соликас, Коштиня, Ресос (Бянкон, 86), Пирола, Ортега, Гарсия (Сипиони, 75), Эссе (Музакитис, 86), Мартинш (Тареми, 62), Шикиню (Стрефесса, 85), Поденсе, Эл-Кааби.

«Боруссия Дортмунд» йирик ҳисобда ғалабага эришди

Биринчи турда Турин шаҳрида 4 та гол киритиб, якунда дуранг натижа билан қайтган Нико Ковач шогирдлари бу гал ҳам 4 та гол урди. Фақат бу сафар голларга ғалаба ҳам қўшилди.

Дастлабки турда ўз майдонида «Арсенал»га ютқазган «Атлетик Бильбао» эса бу сафар ҳам очко қўлга кирита олмади.

Учрашувда ҳисоб 28-дақиқада очилди — Даниэл Свенссон томонидан. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.

50-дақиқада Чуквуэмека ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Ордан 11 дақиқа ўтиб, Горко Гурусета «Атлетик Бильбао»нинг жорий мавсум УЕФА Чемпионлар Лигасидаги дастлабки голига муаллифлик қилди.

82-дақиқада Гирасси жамоасининг учинчи голини киритди. Ҳакам қўшиб берган дақиқаларда эса Юлиан Брандт ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келди. Ўйин айнан шу ҳисоб билан якунланди.

«Боруссия Д» — «Атлетик» 4:1

Голлар: Свенссон (28), Чуквуэмека (50), Гирасси (82), Брандт (90+1) — Гурусета (61).

«Боруссия Д» — Кобел, Свенссон, Антон, Бенсебаини, Зюле (Шлоттербек, 70), Риерсон, Забитцер, Беллингем (Нмеча, 69), Адееми (Байер, 63), Гирасси (Силва, 87), Чуквуэмека (Брандт, 63).

«Атлетик» — Симон, Лекуэ, Вивиан (Ляпорт, 46), Паредес, Горосабел, Рего, Хаурегисар (де Галларета, 46), Наварро, И. Уильямс (Гурусета, 46), Саннади (Санчес, 80), Гомес (Серрано, 63).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?