Барҳаёт сатрлар
Янги йил муножоти
Вақтнинг чопқирлигига ҳайратим тугамасдир,
Йилнинг ўтиши гўё чақнаган чақмоқ мисол.
Йил надир, умр ўзи аслида бир нафасдир,
Эшикдан кириб шу он дарчадан чиқмоқ мисол.
Беш юз йил яшар эмиш тоғ аҳли бир қабила,
Сабрни маслак билиб, қаноатни тоат деб.
Уй тикламас эмишлар биргина сабаб ила,
Шу озгина умрга ранж чекмоқ на ҳожат деб.
Бу-ку бир афсонадир, аслида аҳли олам
Одамдек яшаш истар шу беш кунлик дунёда.
Жаҳондан умид узмас умри ўтиб борса ҳам,
Ёши улғайган сари орзулари зиёда.
Болам деб ниҳол экар, набирам деб уй солар,
Мендан ҳам бирор ёдгор авлодимга қолсин, дер.
Дил тубида умрбод яшар ойдин хаёллар,
Ватаним камол топсин, миллатим юксалсин, дер.
Инсондек яшамоқнинг асли шудир маъноси,
Юрт севгиси бизларга юракдаги қондандир,
Бу муқаддас туйғуда аждодларнинг нидоси,
Ҳадис сўзи — Ватанга муҳаббат имондандир.
Имонимни бутун қил, юртимни нурафшон қил,
Пок, ҳалол йўлларингга бизни йўлла, Илоҳим.
Ватаним кемасини долғалардан омон қил,
Бу поёнсиз уммонда Ўзинг қўлла, Илоҳим.
Юракларга меҳр сол, адоватдан қил йироқ,
Бу кунги заҳматларнинг оқибати қут бўлсин.
Эркка ташна элимнинг бахти бўлсин ярқироқ,
Осмони ёруғ бўлсин, насибаси бут бўлсин!..
ГЎЗАЛЛИК
Мулки борлиқ ичра бир маҳал
Кўрксизгина олам яралган.
Бермоқ учун дунёга сайқал
Олам аро одам яралган.
Шундан бери инсон тинмайин
Шу ер узра тер тўкар ҳамон.
Ерни гўзал қилгани сайин
Гўзал бўлур ўзи ҳам инсон.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг