Барчаси инсон қадри учун!
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уни мутлақо янги, замонавий босқичга кўтариш, соҳа ходимларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар бажарилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилишни» ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал, халқчил тузилмага айлантиришдан иборат.
Шукрки, халқимиз хотиржам, эмин-эркин ҳаёт кечирмоқда. Осмонимиз ҳамиша мусаффо. Бунинг замирида эса барча ҳуқуқ-тартибот идоралари қатори ички ишлар органлари ходимларининг ҳам кунларни тунларга улаб қилаётган заҳматли хизмати ётибди. Давлатимиз экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун аввало, ички ишлар органларининг қуйи бўғини бўлган профилактика хизматини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки айнан шу соҳа вакиллари ҳамиша халқ ичида бўлади. Аҳолининг муаммоларини яхши билишлари учун профилактика инспекторларига маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари мақоми берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартда қабул қилинган «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида мавжуд маҳаллаларнинг ҳар бирида камида бир нафардан профилактика инспектори фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қўшимча 2,8 мингдан зиёд штат бирликлари ташкил этилди.
Ички ишлар органлари шахсий таркиби зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажариш учун ҳар бир ходим кенг дунёқарашли, юксак маънавият соҳиби бўлиши лозим. Бу борадаги ишлар ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарори билан «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш» концепцияси тасдиқланди. Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда ички ишлар органлари амалиётида илк бор еттита вазирлик ва идора билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Буларнинг барчаси шахсий таркиб билан ўтказиладиган маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишларни янада кучайтириш имкониятини яратди.
Айтиш лозимки, концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар ҳафтанинг жума куни «Ватанпарварлик куни» тадбирлари ташкил этилиши йўлга қўйилди. Идоравий таълим муассасаларида эса «Ватанпарварлик асослари», «Маънавият асослари», «Ватанпарварлик тарбияси», «Касбий маданият» каби фанлар ўқитилиши жорий этилди.
Ўтган қисқа давр ичида 60 мингдан ортиқ турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, тарбиявий-профилактик ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди.
Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазири раислигида «Маънавият ва маърифат кенгаши» фаолияти йўлга қўйилди. Кенгаш аъзолигига таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг 50 нафар раҳбари киритилди. Авваллари ушбу ишлар билан фақат кадрлар бўлинмалари шуғулланган бўлса, эндиликда барча тоифадаги раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.
Шахсий таркиб ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳам диққат марказимизда. Бу борада алоҳида меъёрлар белгиланиб, ходимларнинг китоб ўқишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларининг «Энг яхши маънавият ва маърифат хонаси», «Энг яхши китобхон», «Энг яхши кутубхона» ва «Энг фаол фахрий ходим» кўрик-танловлари ташкил этилди.
Юртимизда ёш авлодга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Чунончи, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйича ички ишлар органларида жами 1100 та вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилди ва уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи этиб умумий ўрта таълим мактаблари белгиланди.

Халқимизда «Маҳалла — ҳам отанг, ҳам онанг» деган мақол бежиз ишлатилмайди. Маҳалланинг тарбия маскани сифатида янада шаклланишига барча бирдай ҳисса қўшмоғи лозим. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, маҳалла ва қишлоқларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширадиган, шунингдек фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида биргаликда ишлашини ташкил этиш мақсадида Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тузилмаси жорий қилинди. Ушбу масканда профилактика инспекторлари аҳолининг муаммоларини яқиндан ўрганиш мақсадида маҳаллабай, хонадонбай ва фуқаробай тамойиллари асосида иш олиб бориш тизими йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини «Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазкур соҳавий хизматдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга кўра, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш, вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Жамоат хавфсизлиги департаментининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Маълумки, ички ишлар органлари, айниқса, профилактика инспекторлари кундалик фаолиятида бевосита аҳоли билан мулоқотда бўлади. Табиийки, фуқаролар турли масалаларда мурожаат этишади. Қолаверса, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш учун осойишталик посбони керакли билимларга эга салоҳиятли кадр бўлмоғи керак. Бу эса улардан айниқса, чуқур ҳуқуқий билимли бўлишни талаб этади. Шунинг учун Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади. Бунга эришиш мақсадида профилактика инспекторлари учун ИИВ Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади. Ҳужжатда фидойи ходимларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 ноябрдаги «Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг юридик йўналишдаги билимларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори хусусида тўхталиб ўтиш жоиз.
Унга асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ички ишлар органларида уч йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторларини Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно. Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда контракт маблағлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан Ички ишлар вазирлиги орқали тўлаб берилади.
Таъкидлаш жоизки, тизимда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳамда юксак маънавиятли ва садоқатли қилиб вояга етишларини таъминлаш ётади. Бу борада ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ички ишлар органларида ташкил этилаётган «Ватанпарварлик бурчаклари»ни ўрнатилган тартибда жиҳозланишида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Энг асосийси, Департамент ташаббуси билан чоп этилаётган турли китоблар ёш ходимларнинг маънавияти ошишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Умуман, Янги Ўзбекистон шароитида ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, халққа энг яқин бўлган профилактика инспекторлари олдида муҳим вазифалар турибди. Бу вазифаларни самарали бажариш эса улардан касбий маҳорат, бой тажрибадан ташқари, чуқур ҳуқуқий билимни ҳам талаб этади. Юқорида тилга олинган ҳар иккала ҳужжат ана шу эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади. Қолаверса, ҳар томонлама билимли профилактика инспекторларигина, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, маҳалланинг ички ишлар органларидаги ҳақиқий вакили бўла олади.
Ҳамза МАХСУМОВ,
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг