Бандихон: қадимият ва замонавийлик учрашган маскан
Бандихон тумани Сурхондарё вилоятининг кенжа ва тез ривожланаётган гўшаларидан бири ҳисобланади. 2019 йил 17–18 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратиш мақсадида Бандихон туманини қайта ташкил этиш ва ҳудудни тизимли ривожлантириш юзасидан муҳим топшириқлар берди.
Шундан сўнг, 2019 йилнинг 30 ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Кейинчалик, 2020 йил 31 январь куни “Сурхондарё вилояти таркибида ташкил этилган Бандихон тумани ҳокимлигининг ташкилий масалалари ҳамда 2020–2022 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори билан туманнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши йўналишлари белгилаб берилди.
Бугун Бандихон тумани ободлиги, замонавий иншоотлари, кенг ва равон йўллари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари билан аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.
“Бандихон” номида асрлар сaдоси, қадимий цивилизация излари мужассам. Қизириқ томондан туманга киришда қад ростлаган рамзий монумент эса нафақат замонавий бунёдкорлик намунаси, балки Бандихоннинг бой тарихига ва аждодлар меросига қўйилган ҳурматни ифодалайди.

— Яқин ўтмишгача Бандихон қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куярди, — дейди Навбаҳор маҳалласида яшовчи нуроний Абдулла бобо Бобоев. — Ёзнинг жазирамасида чанқоқлик азобини кўрган кунларимиз бор. Йўллар носоз, шароитлар чекланган эди. Кейин Президентимиз ташриф буюрди. Шу қадам билан Бандихоннинг тақдири ўзгарди. Ичимлик суви масаласи ҳал этилди, равон йўллар қурилди, боғча ва мактаблар барпо этилди, тиббиёт муассасалари янгиланди. Бугун фарзандларимиз замонавий шароитда таълим олмоқда, аҳолига барча қулайликлар яратилган. Бу ёдгорлик Бандихонликлар қалбини ифода этади. Унда тарихимиз ҳам, меҳнатимиз ҳам, келажакка ишончимиз ҳам мужассам.
Бу замин милоддан аввалги II–I асрларданоқ аҳоли яшаб, тараққий этган. Энг йирик тарихий ёдгорлик — Бандихон қўрғони шуни тасдиқлайди. 1973 йилда аниқланган ва 1975–1976 йилларда қазишмалар олиб борилган қўрғондан қадимий қалъа деворлари, сопол идишлар ва тош қуроллар топилган.
Қўрғон Ўрғулсой ўзани билан икки қисмга ажралган ва 1,5 гектар майдонни эгаллаган. Пахса ва хом ғиштдан қурилган турар-жойлар аждодларимизнинг юксак қурилиш маданиятини кўрсатади. Айнан шу ердаги сув инфратузилмаси — пишиқ ғиштдан барпо этилган тўғонлар ва сопол қувурлар орқали узоқ масофалардан сув келтирилган тизим ерлик аҳоли меҳнати ва ташаббусининг гувоҳидир.

Бандихон атрофидаги Майдатепа, Ғозимулло, Бектепа, Киндиктепа ва Қўрғон тепаликлари ҳам қадимда ҳаёт қайнаган масканлар бўлган. “Бандихон” номи ҳам “банд”, яъни тўғон, кўприк маъносини англатиб, туманнинг тарихи сув, меҳнат ва бунёдкорлик билан чамбарчас боғлиқлигини англатади.
Монумент қурилиши пухта олиб борилди. Туман мутасаддилари ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратди ва унинг тарихий мазмуни ҳақиқий ҳурмат билан акс эттирилиши устуворлик касб этди.
Бугун қад ростлаган замонавий монумент Бандихоннинг бой тарихи, баракали замин ва меҳнаткаш халқ тимсоли сифатида намоён бўлди. У қадимият ва тараққиёт учрашган, тарих ва замонавийликни боғлаган маскан сифатида ёдда қолади.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг