Бахтим “Олтин водий”да экан...
Ким тўкис яшашни истамайди дейсиз. Аммо тўкис яшайман деб ўзини ўтга-чўққа уравериш ҳам ярамайди. Қўрғонтепалик Аня Бўронова катта пул топаман деб яқинларининг гапига қулоқ осмай Россияга кетиб қолди. Аёл боши билан бегона юртда тишини-тишига қўйиб ишлади. Бироз даромадга ҳам эга бўлди. Лекин ўзи орзу қилган маблағни топа олмади. Уйини соғинди, қишлоқдошлари кўз ўнгидан ўтди. Бир телефон қўнғироғи унинг сергаклантирди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси уни излаган экан. У аҳоли даромад топиши учун Ўзбекистонда катта лойиҳалар амалга оширилаётганини айтганда, Аня ҳеч иккиланмай ўзининг жонажон маҳалласи Олтин водийга қараб гўё “учди”.
Дарҳақиқат, Қўрғонтепа туманидаги “Олтин водий” маҳалласи мамлакатнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бир пайтлар бу ерда ишсизлик кўп, даромадли иш жойлари кам эди. Аммо сўнгги йилларда бу манзил тўлиқ ўзгариб кетди. Эндиликда маҳалла ўз номига монанд равишда олтин водийга айланди. Бу ерда иш қидириб юрганлар энди иш берувчига айланяпти. Қишлоқда яшайдиган хотин-қизлар ҳам ўз бизнесини йўлга қўйиб, бошқаларга намуна бўлмоқда. Юқорида ҳикоя қилганимиз Аня Бўронова ана шундай тадбиркор аёллардан бири.
—Узоқ йиллар давомида Россия Федерациясида меҳнат қилишимизга тўғри келди,—дейди у. — Қолаверса, яхши яшаш учун бир қанча режалар тузиб қўйган эдим. Буларнинг барчаси учун маблағ керак эди. Тўғри, Россияда ишлаб тирикчиликка яраша пул ишлаб топдим. Лекин бахтни узоқдан излаган эканман. Тақдирим юртими билан чамбарчас боғлик экан. Ватанга қайтгач, маҳалла фуқаролар йиғинига учрадим. 33 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи билан таъминланишимга ёрдам беришди. Шундан кейин гулчилик билан шуғулланишга киришдим.

Аняхоннинг ишлари шу тариқа юришиб кетди. Харидорлар ўзлари излаб келадиган бўлиб қолди. Уйдан чиқмай туриб ҳам даромад топиш мумкинлигини кўрган қўшнилар бирин-кетин унга эргашди.
—Ундаги ҳаракат маҳаллий ҳокимлик эътиборини тортди,—дейди Олтин водий маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Достонбек Деҳқонов. —Натижада 1 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда бу ерда иссиқхона барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Хонадонидаги 6 сотихдан иборат иссиқхонасида эса ишлар авжида. Бунинг учун 15 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Улар ҳар ойда 3,5-4 миллион сўмдан ойлик даромад ишлаб топмоқдалар. Аняхоннинг бир ойлик даромади эса ўртача 25 миллион сўмни ташкил этяпти. Бунга осонликча эришгани йўқ, албатта. Дастлаб ички бозорни ўрганди. Харидорлар эҳтиёжига мос гул кўчатларини парваришлади. Айниқса, Корея, Голландия ва Хитой давлатларидан ноёб кўчатларни олиб келгач, ишлари янада юришиб кетди. Ҳозирда харидорларнинг ўзлари унинг уйига келиб, мақбул кўчатларни шу ернинг ўзида сотиб олмоқда.
Аня Бўронова фаолияти туманда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг бир кўриниши, холос. Аслида бу каби ибратли саъй-ҳаракатлар туман бўйлаб кенг қулоч ёйган. Шунинг учун ҳам мавжуд 5717 нафар ишсиз ва ижтимоий реестрда турувчи фуқароларнинг 4120 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Йил бошида аниқланган 3952 та кам таъминланган оилаларнинг 1842 тасини камбағалликдан чиқаришда ҳам уларга кўрсатилган амалий ёрдам асқатди. Шу тариқа кимдир ҳунарманд ёки тадбиркор сифатида иш бошлаган бўлса, қайсидир оила томорқасидан унумли фойдаланиш, чорвачиликни йўлга қўйиш каби йўналишларда даромад сари қадам ташладилар.

—Маҳалламизда Аня Бўроновадан сабоқ олиб, гулчиликка асос солганлар сони 200 нафардан ошиб кетди,—дея фикрини давом эттиради “Олтин водий” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Давронбек Деҳқонов. —Йил бошида қайд этилган 42 нафар ишсиз маҳалладошларнинг барчаси бинойидек гулчига айланишди. Маҳаллада тўпланган бой тажрибадан сабоқ олишиб, мустақил равишда даромад топа бошлашди. Эътиборли жиҳати шундаки, улар нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам ўз харидорларига эга.
Тўғри, маҳалла драйверига айланган гулчилик билан шуғулланиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу боис 2700 нафар аҳолининг чорвачилик, томорқачилик ортидан даромад топиши учун барча имкониятлар ишга солинди.
Кечагина чекка ва кам имкониятли деб қаралган Олтин водий маҳалласи бугунги кунда ўз меҳнати ва ҳамжиҳатлиги туфайли бандлик ва фаровонлик сари қадам ташлаётган тадбиркорлар масканига айланмоқда. Зотан, бугун Олтин водий ўз меҳнати билан бойиган, эртанги кунга комил ишонч билан яшаётган одамлар маҳалласидир.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг