Бахшичилик — кўп минг йиллик маданиятимиз сарчашмаси

18:12 01 Январь 2022 Жамият
1251 0

Фото: «Халқ сўзи»

Аждодлар оша бардавом этиб келаётган бахшичилик санъати бугун жаҳон аҳли назарига тушди. ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу тарихий воқеа халқимизнинг маънавияти, маданияти нақадар чуқур тарихга эгалигидан далолат беради.

Шу муносабати билан яқинда Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Бахшига бахшида кун” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон халқ бахшилари Қаҳҳор Раҳимов, Бойқучқор Аҳмедов, Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, филология фанлари доктори Абдуолим Эргашев, тарих фанлари доктори Саҳодат Муртозова, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи Шарофат Ашурова ва бошқалар халқ оғзаки ижодининг бетакрор намунаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва ўзбек халқ оғзаки ижодиётини кенг тарғиб этиш, халқимизни, айниқса, ёшларни кўп минг йиллик маданиятимиз сарчашмаларидан баҳраманд қилиш соҳасида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

— Халқимизнинг ноёб тарихий қадрияти бўлмиш бахшичиликнинг дунё миқёсида тан олиниши менга илҳом бағишламоқда, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов.— Шу хушхабарни эшитиб, янги-янги термаларни ижод қилдим, достонларнинг янги қирраларини излаб топаяпман. Насиб этса, ўз санъатимизни дунё миқёсида намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда хушовоз бахшилар томонидан халқ оғзаки ижоди намуналари янгради, куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер